Ички ишлар органларида хизмат қилишни орзу қилмаган йигитлар бўлмаса керак. Бироқ меъёрсиз иш куни, байрам ва тантаналарда, оммавий спорт ва кўнгилочар тадбирлар, фавқулодда вазиятларда кучайтирилган тартибда хизмат олиб бориш каби хизматнинг ўзига яраша машаққатларини енгиб ўтиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келмайди. Қонунни менсимайдиган, қонуний талабларни тан олмайдиган қонунбузар, ҳуқуқбузар шахслар ҳақида-ку гапирмасак ҳам бўлади. Тошкент шаҳар Яккасарой тумани ИИО ФМБ 3-сонли ИИБ бошлиғи, подполковник Фарҳод Касимов учун касб танлашда муаммо туғилмаган. Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академиясини тамомлаган лавҳамиз қаҳрамони 1997 йилда Тошкент вилояти ИИБ Зангиота тумани ИИБ Жиноят-қидирув бўлимида тезкор вакил бўлиб хизматни бошлади. Устозлари бўлим бошлиғи, майор Насриддин Абдазов, бўлим катта тезкор вакили, капитан Азиз Ташпулатовлардан касбнинг сир-асрорларини қунт ва тиришқоқлик билан ўзлаштириб борди. Ўша йилларда юртимиз мустақилликнинг илк йилларини бошидан кечираётган, ҳали мустаҳкам оёққа турмаганлигидан фойдаланиб, Республикамизга жиноятчиликнинг кўплаб турлари қаторида терроризм, гиёҳвандлик, иқтисодий жиноятчилик каби трансжиноят унсурлари кириб келаётган эди. Таъкидлаш жоизки, мард ва фидокор халқимиз, ватанпарвар ва бурчига содиқ ўғлонларимиз туфайли бу синовлардан муваффақиятли ўтиб, мустақил Ўзбекистонни қуриш бахтига муяссар бўлдик. Ўша йилларда жиноятчиликка қарши муросасиз кураш олиб борган, кўплаб мудҳиш жиноятларнинг гувоҳи бўлган қаҳрамонимиз бу йилларни хотирлашни хуш кўрмайди. Аммо бир жиноят ҳали-ҳамон унинг вужудини жунбушга келтиради.
— 90-йиллар охири. Навбатчилик қисмига тушган таҳликали қўнғироқ бўйича манзилга етиб келдик. Хонадонда кўзим тушган биринчи ҳолат қонга беланган қўғирчоқ бўлди. Кўзлари катта-катта,қоп-қора, киприклари қуюқ, тим қора сочлари жингала-жингала, бир неча тутами пешонасидан чиройли териб қўйилгандек қора қошларига тушиб, оппоқ юзларига ўзгача илоҳий бир гўзаллик бағишлаган. Қўғирчоқ эмас, гўёки бир эртаклардаги малак, дейсиз. Аммо яқинроқ борганимда унинг олти ёшга тўлмаган қизча эканлигини билгач, сесканиб, титраб кетдим. Шундай бир фариштага ваҳшийлик қилган кимса қанчалар қабиҳ, иблис бўлишини тасаввур қилиш қийин. Бу одам қиёфасидаги қотилни топишга онт ичдим. Уни қўлга олганимизда биринчи саволим қизчанинг айби нимада эди, деб сўраганим бўлди.”Онасини ўлдириб чиқиб кетаётганимда кўчадан кириб келиб қолди. Гувоҳни йўқотишим керак эди”, деб жавоб берди.
Жиноят у қандай бўлмасин, жиноятчига жазо муқаррарлигини таъминлаш ички ишлар органлари ходимларининг асосий вазифаларидандир. Ушбу тамойил мана ўттиз йилга яқин хизмати давомида подполковник Фарҳод Касимовнинг шиори бўлиб хизмат қилмоқда. Яккасарой туманидаги 32 мингдан ошиқ аҳолиси, 3200дан ортиқроқ ўсмир-ёшлари истиқомат қилувчи 5та маҳаллани қамраган 3-сонли ички ишлар бўлими фаолиятини ҳам маҳаллаларда жиноятчиликка қарши кураш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадига қаратган. Бу борада маҳалла фуқаролар йиғини раислари, фаоллари, кўчабоши ва уйбошиларнинг ходимлар билан ҳамкорликда, бир ёқадан бош чиқариб ишлашини ташкиллаштира олди. Биргаликда огоҳлантириш, профилактик-тушунтириш тадбирлари мунтазам равишда амалга ошириб келиняпти . Маълумки, пойтахтимиз ҳудудида гиёҳванд ва психотроп моддаларининг ноқонуний айланмасига қарши кураш ойлиги давом этмоқда. Маҳалла аҳлининг зийраклиги ва ҳушёрлиги туфайли бир неча гиёҳвандлик моддаларини белгиланган манзилларга хуфиёна яшириш ҳолатларига чек қўйилди.
Подполковник Ф.Касимов хизмат фаолияти давомида кўплаб шогирдларни етиштирган, улар ички ишлар органлари турли соҳаларида сидқидилдан хизмат олиб боришмоқда. Ҳатто айрим шогирдлари бугун раҳбар лавозимларида фаолият юритишига қарамай, Фарҳод Касимовдан маслаҳат ва тавсиялар олишни канда қилишмайди. У эса ишининг тиғизлиги ва қай ҳолатда бўлишига қарамай, уларга йўл-йўриқ кўрсатишга вақт топади. Инсон умрининг маъноси ҳам эҳтимол ана шундай кимларгадир кераклигинг ва тўғри йўл кўрсата олишингдадир. Албатта, шундай!