Пойтахт фуқаролари Тошкент шаҳар ИИББга турли масалаларда, савол ва эҳтиёжларига кўра мурожаат қилишади, шахсан ташриф буюришади. Уларнинг мурожаатларига қайси соҳа мутасаддилари жавоб бериши мумкинлиги, қайси идора-ташкилот ечим топишини билиб йўналтириш бир қараганда оддийдек туюлиши мумкин. Аммо турли феълли фуқаролар билан тиллашишнинг ўзи бўлмайди. Айримлари тушунтиришингга қарамай ўз муаммосини шу ернинг ўзида ҳал қилишни талаб этишади. Мана бир неча йиллардирки, Бош бошқарманинг Молия ва моддий-техника таъминоти бошқармаси “Қўриқлаш” отрядида хизмат олиб бораётган сафдор Бекзод Умаров бу ишда анча “кўзи пишган”лардан. ИИББ биносига яқинлашаётган фуқаро билан қандай муомала қилиш кераклигини унинг қадам олишидан билади.
Бекзод – Мустақилли тенгдоши. У юртимиз ўз мустақиллигини қўлга киритган илк кунда, яъни 1991 йил 31 август куни таваллуд топган. Унинг кейинги ҳаёти мустақилликнинг тетапоя қилиши билан бирга кечди. Ҳар бир янгилик, халқимизнинг озод, эмин-эркин, фаровон яшаши, билим олиши мақсадида қўйилган қадамлар унинг ҳам ҳаётида акс этиб борди. Касб-ҳунар билим юртида ўзи қизиққан касбнинг эгасига айланди. Юртимиздан чиқмаган ҳолда Ўзбекистон Қуролли кучларида хизмат бурчини ўтади. Ўзи орзу қилган ички ишлар органларига қабул қилинди. Оилали бўлди. Бугунга қадар ўз вазифаларини сидқидилдан бажариб, раҳбарият томонидан рағбатлантириб келинмоқда.
– Мустақиллигимиз энг аввало тилимизни, азалий қадриятларимизни қайтарди. Бугун қайси соҳани олиб қараманг, имкониятларингизни намоён қилиш учун барча шарт-шароитлар яратиб берилмоқда, – дейди сафдор Бекзод Умаров. – Уйли-жойли бўлиш дейсизми, автомашинали бўлиш дейсизми, олийгоҳларда ўқишми, барча-барчасига эришиш учун енгиллик ва имтиёзлар мавжуд. Ўтган давр мустақиллигимиз учун қисқа муддат, албатта. Лекин ишончим комил юртимиз бундан-да гўзал бўлади ва энг ривожланган давлатлар қаторидан ўрин олади. Бу йўлда заррача бўлса-да ҳисса қўшаётганимдан мамнунман.