17 Июл 2024 йил 1168

Жиззакилиги панд берди

Жиззакилик яхшиликка олиб келмайди. Инсон ҳар қандай вазиятда ўзини қўлга олиши, оғир-вазминлик билан муаммони ҳал этиши керак.

2022 йилнинг декабрь кунларининг бирида оиласи билан  Учтепа туманида жойлашган “Фарҳод” бозорида рўзғор юмушлари билан юрган Шоҳруҳ илгаридан таниш бўлган Миржалолни учратиб қолди. Миржалол танишининг  гўзал аёли ва қўғирчоқдек қизини кўриб ҳасади келдими ножўя ҳазил қилди. Бу Шоҳруҳнинг ҳамиятига тегди ва ўртада келишмовчилик чиқди. Оғзаки бошланган жанжал муштлашувга айланди. Шоҳруҳ ўзини тута олмай Миржалолнинг юзига мушт туширди, у ҳам қараб турмай, дуч келган жойига зарба бера бошлади. Жанговар спорт усулларидан хабардор бўлган Шоҳруҳ рақибини даст кўтариб, елкаси оша асфальт бетонга урди. Бозорда ўз юмушлари билан юрган фуқаролар томошабин бўлмай, зудлик билан “тез ёрдам” ва ички ишлар идораларига қўнғироқ қилишгани сабабли фожианинг олди олинди.

– Тергов жараёнида Миржалолга оғир тан жароҳати етказилгани, меҳнат қобилиятининг ўттиз уч фоизини йўқотганлиги маълум бўлди, – дейди Учтепа тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, катта лейтенант Шаҳзодбек Юсупов. – Шоҳруҳ жанговар спорт турлари билан шуғулланган шахсларнинг мазкур усулларни фақат ўзларини ҳимоя қилиш учун  қўллаши ҳақида унутган кўринади. Аслида бу ҳолатни жанжал даражасига етказмай, тинч йўл билан ҳал қилишнинг имкони бор эди. Шоҳруҳнинг жиззакилиги ўз ҳаётининг маълум муддатини оиласидан айро ўтказишига сабаб бўлди.

Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судининг ҳукмига кўра Шоҳруҳ Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддасида (“Қасддан баданга оғир шикаст етказиш”) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли, деб топилди ҳамда олти йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.


Барча янгиликлар

Text to speech