Кишининг табиатида очкўзлик, нопоклик бўлса, иродаси мустаҳкам бўлмаса, охири нафси ғолиб чиқиб, ўзини кўрсатиши аниқ экан. Омад чопиб Дониёр масъулияти чекланган жамиятга урфда бўлган менежер лавозимига қабул қилинди. Мазкур жамият йигирмадан ортиқ хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида қишлоқ хўжалик техникаларини етказиб бериш борасида фаолият юритишини ҳисобга олсак, унинг имкониятларини, айниқса молиявий имкониятларини тасаввур қилиш қийин эмас. 2022 йилнинг октябрь-декабрь ойларида шундай хўжаликлар томонидан катта миқдордаги 246 829 299 сўм тўловлар тақдим этилади. Бундай катта суммани кўрган Дониёрнинг юрагининг қайсидир четида ғимирлаб қолган нафси жунбушга келди. Унинг тинчи йўқолди. Қандай қилса, бу пуллар унинг чўнтагига тушаркан-а?! Ўйлай-ўйлай, чорасини топди. Пулларни корхонанинг ҳисоб рақамига кирим қилмай, ўзининг шахсий пластик картасига туширишга эришди. Виждони қийналмай, ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборди. Октябрь ойида бирламчи тўлов сифатида тўланган 12 698 000 сўмни ўзлаштириш мақсадида, компьютер имкониятларидан фойдаланган ҳолда, “нақд пул кўринишида тўлов” деган ёзувларни киритиб, пул топширган Эгамқулга сохта ҳужжат берди. Иштаҳаси ҳакалак отган Дониёр корхонага тегишли бўлган пулларни ўзиники деб ҳаёл қилдими ёки жавобгарликни бутунлай унутиб қўйдими, фермер хўжалиги раҳбари Сарварни алдаб, қарздорлик бартараф этилмаган дея, 9 651 000 сўмини фириб йўли билан ўзлаштириб, буни ҳам ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборди. Бироқ хўжалик раҳбарлари у ўйлаганчалик пулнинг ҳисобини билмайдиган, пул оқиб келадиган ўзан бошида ўтирганлардан эмас эди. Пул топшириб ҳам хўжалик учун ҳаводек зарур техникаларини ололмаган раҳбарлар ички ишлар органларига мурожаат қилишди.
– Олий маълумотли, икки нафар фарзандли, оқ-қорани таниган ёшда бўлган Дониёрнинг қилмишини оқлаб бўлмайди, – дейди Миробод тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими катта терговчиси, майор Даврон Маҳкамов. – Мана шу тушган пуллардан жамият ишчиларига маош берилади, шарт-шароитлар яратилади ва корхона фаолиятини юритиш чоралари кўрилади. Бироқ Дониёр фақат ўзининг ҳузур-ҳаловатини ўйлади.
Шу ўринда бир нарсани таъкидламоқни лозим топдик. Ҳузур-ҳаловат ўзгалар ҳақига хиёнат, қонунни бузиш, ишхона мулкиниталон-тарож қилиш эвазига бўлмаслиги керак.
Терговчи томонидан жиноят иши ҳар томонлама тўлиқ ва холисона олиб борилиб, айбдорнинг ҳаракатлари тўғри малакаланиб, тегишли маҳкамаларга топширилишига эришилди.
Жиноят ишлари бўйича Миробод тумани суди Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси билан айбли деб топилган Дониёрга етказилган моддий зарар қопланганлигини инобатга олиб, ҳар ойлик иш ҳақининг 20 фоизи давлат фойдасига ушлаб қолинган ҳолда икки йилга ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлади.