Пойтахтнинг Янгиҳаёт тумани ташкил этилганига эндигина 3 йил тўлган бўлса-да, жадал суръатларда ривожланиб бораётган ҳудуд ҳисобланади. Кундан-кунга янги-янги бинолар қад кўтариб, саноат корхоналари барпо этилмоқда. Аҳоли сони ҳам шунга мос равишда ўсиб бормоқда. Бу эса ҳудудда фаолият юритаётган ички ишлар органлари ходимларидан хизмат вазифасига янада масъулият билан ёндашишни талаб этяпти.
– Туман ҳудудида 9500 дан ортиқ ҳовли уйлар, 1000 га яқин кўп қаватли тураржойлар мавжуд, – дейди туман ИИОФМБ Ташкилий бўлим бошлиғи, подполковник Рустам Зайнутдинов. – Аҳолининг асосий қисми 3200 га яқин корхоналарда иш билан банд. Жорий йилнинг
8 ойи мобайнида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан жиноятчилик камайган бўлса-да, лекин бу бизни хотиржам бўлишимизга асос бўлолмайди. Жиноятчиликни янада камайтириш мақсадида тегишли режа ва дастурлар ишлаб чиқиб, бошқа идоралар билан ҳамкорликда фаолиятни янада кучайтирмоқдамиз.
Хусусан, ҳудудда криминоген вазиятни барқарорлаштириш мақсадида қаровсиз қолдирилган велосипед, болалар аравачаси ва бошқа буюмларни туман ИИОФМБ,
ИИБларида вақтинча сақлаш амалиёти жорий этилган. Ушбу буюмлар йўқолганлиги тўғрисида «102» хизматига хабар келиб тушганида, улар эгасига қайтарилиб, қайта қаровсиз қолдирмасликлари тўғрисида огоҳлантирилмоқда. Асосийси, шу амалиёт қўл келиб, охирги вақтларда юқоридаги каби буюмлар ўғирлиги бўйича ички ишлар органларига биронта ҳам хабар тушмади. Шунингдек, ўтган вақт давомида 500 нафардан ортиқ кўча ва жамоат жойларида спиртли ичимлик истеъмол қилиб юрган фуқаролар тиббий ёрдам кўрсатиш пунктига жойлаштирилиши натижасида кўплаб нохуш ҳолатларнинг олди олинди.
– «Обод ва хавфсиз маҳалла» тамойили асосида маҳаллалар «қизил», «сариқ» ва «яшил» тоифаларга ажратилиб, мос равишда профилактик чоралар белгиланмоқда, – дейди ИИОФМБ
ҲПБ бошлиғи, подполковник Алижон Қодиров. – Хусусан, «қизил» тоифага кирувчи «Тошкент» маҳалласини «сариқ» тоифага ўтказиш борасида маҳалла фуқаролар йиғини раиси Равиля Раҳмаева, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича раис ўринбосари Манзура Ҳайдарова ҳамда ҳудуддаги 525-сонли ИИО таянч пункти профилактика катта инспектори, лейтенант Содиқжон Худойқулов ҳамкорлигида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Бунинг учун мазкур маҳаллада туман ИИОФМБ раҳбарияти ва маҳалла бешлиги ҳамкорлигида йўл харитаси ишлаб чиқилди. Жорий йилнинг ўтган даврида 5 та низоли оила яраштирилди. Криминоген вазиятни юзага келтириши мумкин бўлган шахсларга маъмурий жазо чоралари қўлланилмоқда.
Бундан ташқари, аҳоли муаммоларини жойига чиқиб ўрганиш ва ҳал этиш мақсадида туман
ИИОФМБ бошлиғи, 3-сектор раҳбари, подполковник Сарвар Жўраев маҳаллаларда сайёр қабуллар ўтказмоқда. Қабулларда ҳар бир мурожаатга индивидуал равишда ёндашилиб, фуқаролар муаммоларини ҳал этиш юзасидан тегишли ишлар амалга оширилмоқда.
Сарвар СОБИРОВ, ўз мухбиримиз.