Янгиҳаёт туманида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида
Республикада “Яшил Макон” миллий лойиҳасини амалга ошириш қизғин давом этмоқда. Янгиҳаёт туманида олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари доирасида туманда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолатини комплекс ўрганиш, ободонлаштириш ва тозалаш ишларини ташкил этиш бўйича “Маҳаллабай” ўрганиш ишлари юзасидан сайёр йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда Президент Администрацияси, Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи, шаҳар ҳокими ва прокурори, сектор раҳбарлари ҳамда тегишли муассаса ва ташкилотларнинг мутасаддилари қатнашди.
Йиғилишда туманда олиб борилаётган ободонлаштириш ишларини янада жадаллаштириш, ҳудудлардаги мавжуд муаммоларни ўрганиб, тартибга келтириш бўйича мутасадди ташкилот раҳбарларига кўрсатмалар берилди.
Шу билан бирга пойтахт сектор раҳбарлари ҳудудни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларида иштирок этишди. Жумладан, туманнинг “Янги Дархон” маҳалласида ҳамда 20 000 кв метр ҳудудга марказий кўча бўйлаб 2000 га яқин манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экилди.
Бу каби тадбирлар пойтахтнинг бошқа ҳудудларида ҳам давом этмоқда.