Рустам (исм-шарифлар ўзгартирилган) ўртоғига ўзининг телефони пул йўқлиги сабаб ўчиб қолганини баҳона қилиб, телефонни сўради. Дўстларнинг бир-биридан нарса сўраши албатта, одатий ҳол, бунинг ёмон томони йўқ. Дўстлар бир-бирларига ишониши керак, ҳар ҳолда уларнинг бири шундай деб ўйларди. Бу суҳбат 2023 йилнинг май ойида бўлиб ўтди. Кейинчалик бу мурожаат ортидаги алдаш, хиёнат натижасида ўртадаги муносабатларга путур етиб, жиноят иши қўзғатилишига олиб келди. Жиноят тафсилотлари билан Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси терговчиси, лейтенант Иқбол Турғунов таништирди.
Оғир-вазмин, мушоҳадали Темур ҳамиша саргузашт ишқибози бўлган Рустамнинг акси. Икки дўст олийгоҳни битириб, нуфузли фирмаларда иш бошлашди. Юқори маош, мукофот пуллари, мансаб поғоналарида юқорилаш имкони иккисига йирик омад кулиб боққанидан дарак эди. Бироқ ҳар бири бу имкониятлардан ҳар хил фойдаланарди. Рустам бор топганини кайф-сафога сарфлар, ой охирига бориб, чўнтагида ҳемири қолмасди. Ҳар сафар Темур унинг жонига аро кирарди. Темур бир неча бор унинг бу тараллабедод юриш-туриши нотўғри эканлигини тушунтиришга уринди. Бироқ у ёшлик ўйнаб-кулиш учун берилганлигини таъкидларди. Ҳар доимгидек, ойнинг ўртасига келиб Рустамнинг чўнтагида ҳеч вақо қолмади. Шундоқ ҳам Темурдан қарзи бўлган Рустам бу гал ундан пул сўрашга ор қилди ва режа тузди. Воқеанинг бошидаги ҳолатни кўз олдингизга келтиринг: у Темурнинг телефонини олиб кўчага отилди. Аввалдан унинг иловасидаги барча паролларни билиб олган Рустам илова орқали дўстининг 600 минг сўмини ўз картасига ўтказиб юборди. Аслида Темур уларни дўстидан сир тутмаган ҳам эди. Икки ҳафта ўтиб яна 1.700.000 сўмини ўтказди. Дўстининг қинғирлигига шубҳа қилмаган Темур бир ойдан сўнггина уяли телефони орқали унинг номига онлайн кредит расмийлаштирилганлигини билиб, банк маъмуриятига эътироз қилгани йўл олди. Ҳолат бўйича ўтказилган тергов ишлари поёнига етиб, терговчидан ўз дўсти уни лақиллатганини билган Темур аввалига ишонгиси келмади. Аммо далилларга қарши бориб бўлмайди.
Мазкур иш бўйича Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси (“Ўғирлик”) билан жиноят иши қўзғатилди. Тергов якуни бўйича жиноят иши қонуний чора кўриш учун айблов хулосаси билан судга тақдим этилди. Жиноят ишлари бўйича Миробод тумани суди томонидан Рустамга қилмишлари учун уч йилга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.