27 Август 2024 йил 1578

Ишончли таянч ва содиқ дўст

Алексей Гончаров болалигидан жониворларга, айниқса кинофильмлардаги “Мухтар, “Йўлбарс”,“Рекс”, “Шарик” ва бошқа хизмат-жанговар итларининг инсонларга беқиёс кўмаги, ақли ва вафодорлиги, жасорат намуналарини кўриб, албатта кинолог бўлишни дилига тукканди. Бу орзу уни 2004 йилда пойтахт ИИББнинг ППХ ва ЖТСБ Кинология хизматини мувофиқлаштириш бўлимига етаклади. Даставвал унга “Альт” лақабли немис овчаркаси бириктирилди. Алексей  портловчи моддалар билан ишлашга ўргатилган бу тўрт оёқли  тийрак “ҳамкасби” билан тезда тил топишди. Пойтахтимизда ўтказиладиган йирик ва нуфузли анжуманлар, спорт тадбирлари, байрам тантаналари, халқ сайиллари, шодиёналарнинг тинч ва осойишта ўтиши, қатнашчи ва томошабинларнинг хавфсиз ҳордиқ чиқаришини таъминлашда Альтнинг хизмати бетакрор бўлди. Бу жараёнларда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш борасида Альт ҳеч қачон панд бермаган.

– Замон илғор технологиялари қанчалик ривожланиб бормасин, итларнинг ҳид билиш, хавфни олдиндан сезиш қобилиятини ҳеч бири  боса олмайди, – дейди лавҳамиз қаҳрамони. – Ҳатто  бир қарашда кайфиятингизни ҳам  билиб олади. Тилсиз бўлсада далда беришни эплайди. Бу беминнат кўмакчиларимизнинг аъло хизматларини қанча гапирсак шунча оз. Улар фақат бир нарса илинжида –  бу ҳам бўлса – меҳр. Самимий меҳр. Аслида инсон ҳам шу нарсага муҳтож.  Эҳтимол, айтганларим кимларгадир эриш туюлар, лекин жониворлар ўзгача ҳурматга сазовор ва уни ўрнига қўйиш керак.

Айни чоғда сафдор, Кинология хизмати  кичик инспектори Алексей Гончаров “Бетти” лақабли немис овчаркаси билан из-қидирув йўналишида – ҳар иккиси сидқидилдан хизмат олиб боришмоқда. Унинг фидойи меҳнатлари пойтахт ИИББ раҳбарияти томонидан муносиб баҳоланиб келинмоқда. Юртимиз Мустақиллигининг 33-йиллиги арафасида у давлат мукофотига тавсия этилди. Куни кеча эса Президентимизнинг Фармони билан “Содиқ хизматлари учун” медалига  сазовор бўлди.

Қаҳрамонимиз меҳнатлари муносиб тақдирланганидан беҳад миннатдор.

– Алексейнинг ўзига бириктирилган хизмат итлари билан тезда тил топишиши, уларни аъло тарбиялаши, белгиланган соҳасига осон йўналтириши ҳамда самарали фойдаланишини алоҳида таъкидлаш жоиз, – дейди  бўлинма бошлиғи, капитан Ойбек Байматов. – У ўз фаолияти давомида кўплаб шогирдлар етиштирганини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. Зотан, бу соҳада фаолият олиб бориш учун инсон ўзгача иқтидорга, ўзгача сифатларга эга бўлиши лозим. Аввало ўз ишини, жониворларни севиши керак. Уларни ўз жисмининг бир қисми сифатида қабул қилсагина муваффақиятга эришади. Алексейда бундай хислат мужассам. Ўз ишининг фидокори. Жониворларни ҳурмат қилади ва улар ҳам ўз навбатида унга ҳурмат билан жавоб беради.  

Қаҳрамонимизни келаётган истиқлол тантанаси ҳамда юксак мукофот билан муборакбод этиб, унга мустаҳкам соғлик, узоқ умр, хонадонига тинчлик, юртимиз тинчлиги ва осойишталигини сақлаш йўлидаги ишларига юксак муваффақиятлар тилаб қоламиз.

Барча янгиликлар

Text to speech