... машаққатинг оз бўлур, дейди халқ нақли. Агарда бу – узоқни яқин қиладиган, ҳаракатланишни тезлатадиган улов бўлса айни муддаодир. Аслида автомашинага қизиқмаган ўғил бола бўлмаса керак. Маъруф Юлдашев отаси Дороб аканинг автомашинанинг ҳали у, ҳали бу жойини кавлаётган, эҳтиёт қисмларини алмаштираётган, машина атрофида куймаланаётган ҳолда кўриб вояга етди. Ўзи ҳам отасининг олдида ўралашиб, сал эси киргач, ёрдам бера бошлади. Унинг автомашина, техника воситаларига қизиқиши Тошкент Автомобиль йўллари касб-ҳунар коллежига етаклади. Уни тугатиб, Ўзбекистон Қуролли кучлари сафида йигитлик бурчини ўтаб қайтгач, ИИВ ҳузуридаги “Қўриқлаш” бош бошқармаси комендатурасига ишга кирди. 2021 йилдан эса пойтахт ИИББ МваМТТБ Транспорт таъминоти бўлими техниги лавозимида ўзининг севимли машғулоти билан банд бўлди. Сафдор М.Юлдашев бугунги кунда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси балансидаги барча турдаги хизмат автомашиналарининг шайлиги, техник созлигини таъминлаш борасида хизмат қилиб келмоқда.
– Айни кунларда Бош бошқармадаги мавжуд барча транспорт воситалари техник кўрикдан ўтказилмоқда, – дейди ўз хизмати ҳақида Маъруф Юлдашев. – Унинг сифатли ва тўлиқ ўтказилиши, хизматнинг тезкорлиги ва иш самарадорлигини оширишда катта аҳамиятга эга. Кўрик вақтида аниқланган камчилик ва носозликлар жойида бартараф этилади. Айтиш мумкинки, бошқармада транспорт воситаларининг бенуқсон ишлаши учун зарур эҳтиёт қисмлари мавжуд бўлиб, амал қилиш муддатига қараб мунтазам равишда янгиланиб борилади.
Бўлим раҳбарияти томонидан ҳайдовчилар билан хизмат транспорт воситаларидан фойдаланишда уларни авайлаш, ўз манфаатлари йўлида фойдаланмаслик, ҳамиша озода тутиш борасида эслатмалар бериб борилади. Ҳолбуки, хизмат автомашиналари йўлларда кичикларнинг ҳамда катталарнинг ҳам эътиборини тортади. Шунингдек, ҳамма қатори йўл қоидаларига қатъий амал қилиш талаб этилади. Бу каби ишларни олиб боришда Маъруфнинг ҳам ҳиссаси катталигини эътироф этиш лозим. Ўз ишига катта масъулият билан ёндашган Маъруф техникалар сирини янада кўпроқ ўзлаштириш мақсадида, Тошкент Ахборот ва технологиялари университетида сиртдан таълим олиб, муҳандислик дипломига эга бўлди. Тиришқоқ, изланувчан Маъруфнинг келажакда орзулари ушалишига шубҳа йўқ.