Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг “Аҳоли билан мулоқот” гуруҳига инсонларнинг тақдирига бефарқ бўлмаган фуқародан мурожаат келиб тушди. Аёл ўз мурожаатида пойтахтимизнинг Яккасарой туманидаги кўп қаватли уйлар олдиида шахсий буюмлари билан қолиб кетган хорижлик фуқароларга ёрдам беришни сўраган. Мазкур мурожаат Тошкент шаҳар ИИББ Хавфсиз туризм бошқармасининг масъул ходимларига топширилди. Воқеа жойига зудлик билан етиб борган ходимлар, ҳақиқатда ҳам тушкунликка тушиб қолган чет эл фуқароларини кўришди. Мулоқот чоғида мазкур шахслар Бангладеш Республикаси фуқаролари эканлиги ҳамда улар аэропортга кетаётиб адашиб қолганликлари маълум бўлган. Тошкент шаҳар ИИББ Хавфсиз туризм бошқармаси ходимлари уларни аэропортда кутиб турган ҳамюрти билан боғланишга ҳамда навбатдаги рейсга авиачипта харид қилишда ёрдам кўрсатдилар.
Шу ўринда, қийин вазиятга тушиб қолган чет эл фуқароларининг тақдирига бефарқ бўлмаган юртдошимизга алоҳида миннатдорчилик билдирмоқчимиз. Кўрилган умумий саъй-ҳаракатлар натижасида хорижлик фуқаролар ўз юртларига соғ-саломат учиб кетишди.