Ички ишлар идоралари ходимлари деганда, кишининг кўз олдига, кучли, иродали, оғир-вазмин, жисмонан ва руҳан бақувват, асаблари темирдек мустаҳкам кимса гавдаланади. Фуқаролар билан хушмуомала, ҳамиша тетик ва ғайратли. Аммо уларда ҳам асаб борлиги, улар ҳам руҳан ва жисмонан чарчаши мумкинлиги хаёлга келмайди. Уларнинг ҳам ташвишлари, уй-рўзғор юмушлари, ота-онаси, оиласи, яқинлари борлиги, бири бўлмаса бириси қайғу-алам келтириши мумкинлиги-чи... Форма кийганлар ҳам бошқалар каби оддий инсонлар, ҳаёт ташвиш ва қувончларидан бебаҳра эмас. Баъзан хизматнинг залвори энг иродали инсонни ҳам эгиб қўйиши мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўрганмисиз?!
Одамлар билан ишлаш ўта оғир жараён. Кимдир ўқиган, кимдир ўқимаган, бировга битта гап етарли, бировга юз такрорласанг ҳам тушунмайди. Хизмат олиб бориш даврида ана шундай турфа феълли шахслар билан мулоқот қилишга тўғри келади. Қоидабузар, қонунбузарлар, жиноятчилар билан гаплашиш дарҳақиқат, осон эмас. Нафақат юқоридагилар балки, уйдаги тушунмовчиликлар, етишмовчиликлар ортидан юзага келувчи нохуш вазиятлар бора-бора асаббузарлик, жиззакилик ва бошқа салбий ҳолатларнинг келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин. Улар эса ходимларнинг иш фаолиятига жиддий таъсир кўрсатмай қолмайди.
Шахсий таркиб ўртасида соғлом маънавий-руҳий муҳитни шакллантириш, руҳиятини яхшилаш, соғлом фикрлаш, шахслараро муносабатларда ижобий хислатларни сингдириш, турли низоларнинг олдини олиш, хизматга ижтимоий мослашув даражасини кўтариш, ҳар бир ходимнинг руҳий ва табиий эркинлигини ҳис этиши масалалари Тошкент шаҳар ИИББ раҳбариятининг доимий эътиборида. Мазкур йўналишда зарур чора-тадбирларни амалга ошириш Бош бошқарма маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизматида фаолият юритаётган психологик гуруҳнинг биринчи навбатдаги вазифасидир. Улар учун ҳар бир ходимнинг руҳан ва жисмонан хизматга шайлиги ўта муҳим аҳамият касб этади.
- Ходимнинг руҳиятини ўрганар эканмиз, унинг ўзгаришига туртки берган сабабларни кўриб чиқамиз,- дейди бош психолог, капитан Бахтиёр Мирзаев.- Ходимнинг шахси, оиласи, хизматдан ташқари ҳаёти, қизиқиш ва дунёқарашига катта эътибор берилади. Авваллари ходимлар қабулимизга келган бўлса, ҳозир ўзимиз ходим олдига борамиз. Ҳар бир суҳбатга алоҳида тайёргарлик кўрилади. Энг асосийси, самимий суҳбатлашишга эришишдир.
Бугун пойтахтимизнинг барча туман ИИО ФМБларида психологлар хизмати йўлга қўйилиб, улар ҳар бир ходимни психологик-эмоционал ҳолатини назорат қилиш, муаммоларини ижобий ҳал қилиш борасида зарурий ишларни амалга ошириб келмоқда. Мақсад - ходим хизматга келдими, ўз ишини фидойилик билан ҳалол ва сидқидилдан бажарсин. Бир хаёли ечимини кутаётган оилавий муаммони ҳал этиш, бир хаёли уйдаги можаро, яқинларининг ташвиши билан банд бўлмаслиги лозим. Уйдан кўнгли тўқ одамнинг иши ҳам баракали бўлади.
- Аксарият ходимларнинг руҳиятида ўзгариш оиладаги тушунмовчиликлар, ижтимоий-маиший масалалар ортидан, - суҳбатни давом эттиради психолог-полиграфолог, катта лейтенант Нодира Ибрагимова. – Ушбу ҳолатларда раҳбарият, Бош бошқарма хотин-қизлар кенгаши аъзолари ҳамкорлигида тушунтириш ишлари олиб борилади, муаммолар ўрганилади. Айтиш мумкинки, кўплаб масалалар биргаликдаги саъй-ҳаракатлар натижасида ўз ижобий самарасини бермоқда.
Инсон руҳияти сирлидир. Айрим ҳолларда бир оғиз сўз дардга малҳам бўлса, бошқа бир ҳолатда ҳаётига зомин бўлади. Психологлар ҳар бир ходимнинг қалбига йўл топиб, уларнинг ўз хизмат бурчларини сидқидилдан, фидойилик билан бажаришига маълум даражада ҳиссаларини қўшиб келаётганидан мамнунлик туядилар. Ҳар бир сафда соғлом, ҳушёр ва хизматга шай ходим хизмат қилиши ҳамкорликда олиб борилган ишларнинг яққол кўрсаткичидир.