21 Август 2024 йил 1042

Икки гумроҳ бирлашса ...

Бегзод илгари гиёҳванд ва психотроп моддалар билан боғлиқ жинояти учун судланганди. Озодликка чиқиб ҳам ҳаётини изга солиш ҳақида жиддий бош қотирмади. 2023 йилнинг 23 февралида  таниши Ҳакимжон билан бирга Сергели туманида жойлашган 5-метро бекати ёнида ўз уяли телефонини  сотаётган Ҳасанбекни илондек авраб, “Redmi note 8 pro” телефони учун 1.400.000 сўмни 28 февралда беришга қасам ичиб, телефонни қўлга киритади. Бир соат ўтар-ўтмас уни бошқа бир шахсга пуллаб, ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборишади. Ҳасанбек  пулларини кута турсин, Бегзод ва Ҳакимларнинг кейинги қилмишларига тўхталамиз.

Яна пулсиз қолган икки дўст пул топиш йўлларини излаш билан овора. Бир-бирини тўғри йўлга бошлаб, ишга жойлашиш – нима кўп иш эълонлари кўп – ҳалол пул топиш имконини қидириш ўрнига ўзгаларнинг чўнтагига кўз олайтириш, пешона териси эвазига топаётган пулларга эга чиқиш ҳақида қайғуришарди. Ҳакимжон бир танишининг қандолат маҳсулотларини олиб сотиш орқали анча пул ишлаб олганлиги ҳақида гапириб берганини эслади. Эринмай уни қидириб топиб, ишончига кириб, 86.000.000 сўмлик маҳсулотларга буюртма беришди. Ишлаб чиқарувчига нима – маҳсулотларини  тезроқ сотса, кўпроқ сотса. Шу боис 86 миллион сўмлик маҳсулотларга харидор улар учун айни муддао эди. Ваъда – пули маҳсулотлар манзилга етказилгач берилади. 6 март куни Қурбонга тегишли қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи масъулияти чекланган жамиятга қарашли Ферузбек бошқарувида бўлган автомашинага юклар ортилди. Ҳайдовчи мижозлар айтганидек, юкларни 3та манзилга бўлиб-бўлиб тарқатиши, сўнгисида пулларни олиши лозим эди. Маҳсулотларнинг 56.000.000 сўмлик қисми иккита манзилда тушириб олинди. Кейинги учинчисида йигитлар “сиз тушириб туринг, ҳозир ҳисоб-китоб қиламиз”, дейишди-Ю, ғойиб бўлишди.

— Шериклар, товар олингани ҳақида ҳеч қандай исботловчи ҳужжат йўқ, масъулияти чекланган жамият қонунни бузгани учун ўзлари жавобгарликка тортилади, текшир-текширдан қўрқиб, бу ҳақда овоза қилмайди, деб ўйлаб, хатога йўл қўйишган, – дейди Чилонзор тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, катта лейтенант Нуриддин Тешабаев, – Чунки, жамият ҳайдовчиси маҳсулотларни туширган манзилда маҳсулотлардан асар ҳам йўқ эди. Улар изларни йўқотиб, ўзлари учун далил тайёрлашганди. Ҳийладан мақсад ҳам шу эди. Бироқ уларнинг режалари ашёвий далиллар, гувоҳлар ва ўтказилган экспертизалар натижасида фош этилди.  

Жиноят ишлари бўйича  Чилонзор тумани суди Бегзод ва Ҳакимжонларнинг айбига тўлиқ иқрорлиги, қилмишидан пушаймонлиги, етказилган моддий зарар қопланганлиги, оилавий шароитларини инобатга олди. Бегзодни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (“Фирибгарлик”)  билан айбдор деб топиб, иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда,  2 йилу 6 ойга ахлоқ тузатиш ишларига; Ҳакимжонни Жиноят кодексининг 168-моддаси (“Фирибгарлик”) билан айбдор деб топиб, иш ҳақининг 10 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда, 3 йилга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ҳукм қилди.

Барча янгиликлар

Text to speech