Тошкент шаҳар ИИББ ёш ходимлари учун музейга саёҳат уюштирилди
Тошкент шаҳар ички ишлар органлари ходимларининг маънавий-маърифий дунёқарашини яхшилаш, шунингдек уларда ҳарбий ватанпарварлик руҳини ошириш мақсадида театрга саёҳат, музейларга экскурсиялар ташкил этилмоқда.
Жумладан, яқинда Тошкент шаҳар ИИББ бир гуруҳ ёш ходимлари“Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуасига ташриф буюришди. Улар мажмуанинг бунёд этилиши тарихи, Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейининг ноёб кўргазмаси билан танишиб, миллий тикланиш ҳаракати – жадидчилик, тоталитар тузум даврида олиб борилган сиёсат, давлат ва жамоат арбоблари ҳақида кўп билимларга эга бўлишди. Шунингдек, Ватан озодлиги йўлида жон фидо қилган инсонлар, шунингдек, мустақиллик йилларида тарихий адолатни тиклаш бўйича кўрилган чора-тадбирлар билан танишишди.
Навбатдаги “маънавият маршрути” “Темурийлар тарихи” давлат музейи бўлди. Улар ушбу маънавият масканида Амир Темур ва унинг авлодлари ҳукмронлик қилган даврга оид турли обидалар, тарихий қўлёзмалар ҳамда бошқа ёдгорликлар билан таништирилди.