Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари учун қадимий Хоразмга саёҳат уюштирилди
Тошкент шаҳар ИИББ раҳбарияти ташаббуси билан ҳамда пойтахт ички ишлар ходимлари Бирлашган касаба уюшма қўмитаси томонидан Бош бошқарма таркибий бўлинмаларида жиноятчиликка қарши курашиш, жиноят ишини фош этиш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлашда фаол иштирок этган бир гуруҳ ходимлар учун қадимий Хоразм воҳасига саёҳат ташкиллаштирилди.
Тўрт кун давомида саёҳат иштирокчилари кўҳна Урганч ва Хива шаҳарларидаги кўплаб ноёб диққатга сазовор жойларига ташриф буюриш имконига эга бўлдилар. Саёҳат Хиванинг қадимий обидаларидан саналмиш Ичан Қалъадан бошланди. Ичан Қалъа обидаси Хива шаҳрининг Дишан қалъа қисмидан кунгурадор девор билан ажратилган. У Хива работидан баланд қўрғонтепага ўхшаб қурилган. Ичан қалъа 4 дарвозадан иборат.
Ходимлар Хиванинг бир неча диққатга сазовор жойлари бўлган Оллақулхон мадрасаси, Қутлуғ Мурод Иноқ мадрасаси, Шерғозихон мадрасаси, Паҳлавон Маҳмуд мақбараси билан қисман танишдилар. саёҳат давомида йўлбошчилар сўзлаб берган қизиқарли маълумотлардан гўёки тарих жонлангандек бўлди, айниқса Жума масжидида ўрнатилган бир бирига ўхшамайдиган устунлар ҳақидаги маълумотлар барчани эътиборини тортди. Қадимий обидаларни кўриб кишининг кўзи қувнайди, инсон қанчалик бой тарихга эга бўлган юрт фарзанди эканлигидан юракда фахр туйғуси уйғонади.
Ушбу саёҳатдан ходимлар ўзлари учун жуда катта маънавий озуқа билан биргаликда ўзлари учун янги бўлган маълумотларга хам эга бўлишди.