Республикамизда ички ишлар органлари фаолиятини чинакам халқчил тузилмага айлантириш борасида ислоҳотлар изчил давом эттирилмоқда. Ички ишлар органлари ходимлари ҳудудларда тинчлик-осойишталикни таъминлаш, фуқароларнинг хавфсиз ва эмин-эркин ҳаёт кечириши, меҳнат қилиши, ҳордиқ чиқариши учун туну кун эл хизматида. Юртимиз тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, жиноятчиликка қарши кураш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ишига ҳаётини бағишлаган ходимлар ҳақида гап кетганда, подполковник Илҳом Холмирзаевнинг бу йўлдаги фидойи хизматларини таъкидламай илож йўқ. Илҳом Холмирзаев ички ишлар идораларида илк хизматини 1991 йилда Яккасарой тумани ИИБ ҳузуридаги “Қўриқлаш” бўлимида сафдорликдан бошлаган. Устози старшина Ҳусан Магдиевдан касбнинг сир-асрорларини ўрганди ва унинг маслаҳатига қулоқ тутиб, олий ўқув юртининг сиртқи бўлимига ҳужжатларини топширди. Хизмат ва ўқишни уйғунликда олиб борган лавҳамиз қаҳрамони Тошкент давлат университетини муваффақиятли тамомлаганда, анча тажриба ва малакага эга бўлган муносиб номзодга айланган эди. Ундаги ёшлик шижоати, ўқиб-ўрганишга бўлган иштиёқ, ишчанлик ва хушмуомалалик раҳбарият эътиборидан четда қолмади. Илҳом профилактика хизматига ўтказилди. Бу соҳанинг тажрибали ва малакали профилактика инспектори майор Тоҳир Мақсудов, бўлим бошлиғи, подполковник Муҳиддин Пировларни устозлари сифатида илиқлик билан тилга олади. Билимга тиришқоқ, ўз вазифаларига сидқидилдан ёндашган Илҳом Холмирзаев хизмат пиллапояларидан босқичма-босқич кўтарилиб борди. Бугунги кунда Яккасарой тумани ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ бошлиғи ўринбосари лавозимида хизматни давом эттириб келмоқда. Мазкур бўлимга туманнинг 6 та маҳалласи бириктирилган. Маҳаллаларда 36 мингдан ортиқ турли миллат вакилларидан иборат аҳоли тинч-тотув, аҳилликда истиқомат қилиб келяпти. Маҳаллаларнинг раислари, кўчабоши ва уйбошилар ходимлар билан ҳамкорликда ҳудудларда жиноятчиликка қарши кураш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида тарғибот, тушунтириш тадбирларини олиб боришяпти. Бу ишда айниқса, туманнинг “Абдулла Қаҳҳор” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Феруза Юсупованинг жонкуярлиги, маҳалла аҳлининг тинчлиги-осойишталиги йўлида тиниб-тинчимаслигини эътироф этиш лозим. Маҳалла фаолларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли маҳаллаларнинг бири яшил, тўрттаси сариқ тоифага киритилди. Лекин афсуски, биттаси қизил тоифада. Таъкидлаш жоизки, барча куч-воситалар мазкур маҳалладаги ҳолатни яхшилашга қаратилган. Маҳалладаги ҳуқуқбузарларга таъсирчан чораларни қўллаш, жамоатчилик, ёшлар-ўсмирлар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликларни ота-онаси иштирокида муҳокама қилиш, сайёр судлар ташкиллаштириш ва бошқа огоҳлик, ҳушёрликка чақирувчи тадбирлар маҳалланинг телеграм каналлари орқали узатиб бориляпти.
Подполковник И.Холмирзаев ўттиз уч йилдан ортиқ хизмати давомида кўплаб шогирдлар етиштирди. Улар ички ишлар органларининг турли соҳаларида бенуқсон хизмат олиб боришяпти. Уларнинг ичида раҳбарлик лавозимларида хизмат қилиб келаётганлари ҳам талайгина. Қаҳрамонимиз ўз фидойи хизматлари учун Республика ИИВ, пойтахт ИИББ раҳбарияти томонидан кўплаб фахрий ёрлиқлар, ташаккурномалар, пул мукофотлари билан тақдирланган. Кеча сафдорликдан иш бошлаган тажриба ва кўникмаларга эга бўлмаган ходим бугун – подполковник, бўлим бошлиғининг ўринбосари – бунинг ортида ўттиз уч йилдан ортиқ машаққатли хизмат йиллари, ўқиш-ўрганиш, изланиш бор. И.Холмирзаевнинг хизмат фаолияти ёш ходимлар учун албатта, ибрат мактаби бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.