12 Июл 2024 йил 1100

Ўқиш ва изланишдан тўхтаманг!

         Узоқ йиллар соғлиқни сақлаш тизимида оддий ҳайдовчи бўлиб ишлаган Жаннатали ака ва фарзандлар тарбияси билан банд бўлган Манзура опалар тўрт фарзанднинг кенжаси ички ишлар идораларига хизматга кириши ҳақида айтганида ўйланиб қолишди. Катта масъулият ва сабр-матонат талаб қилувчи касб машаққатини ўғли кўтара олармикан?! Эрта кетиб кеч келишига, дам олиш кунларисиз ишлашига ўзлари кўника олишармикан?! Шу ўй-ҳаёллари ҳақида ўғли билан бўлишишганда, у қатъий равишда иккиланишга ўрин йўқлигини билдирди. Ота-онасининг оқ фотиҳасини олган Абдуллажон Жаннаталиев Ўзбекистон Миллий Университетини битирув дипломини қўлга олган ҳамон пойтахт  ИИББга ҳужжатларини топширди. Тегишли қабул жараёнларидан муваффақиятли ўтган йигит Учтепа тумани ИИО ФМБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими профилактика инспектори лавозимида иш бошлади. Ёш, куч-ғайратга тўла йигитчани ўша вақтдаги ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими  бошлиғи Баҳодир Анваров шогирдликка олди.  Касбнинг сир-асрорлари, хизмат кўникмаларини сабр билан шогирдига сингдириб борди. Абдуллажон  тиришқоқлиги, билимга чанқоқлиги боис устоз ўгитлари ва тажрибаларини эгаллаб ишда яхши кўрсаткичларга эриша бошлади. Хизмат вазифаларига сидқидилдан ёндашиб, вазифаларини виждонан бажараётган ходим раҳбарият эътиборидан четда қолмади. Кўп вақт ўтмай у пойтахт ИИББ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси катта инспектори лавозимига  тайинланди. Албатта, унинг хизмат доираси кенгайиб, иш ҳажми янада ортиши билан бирга масъулияти ҳам ортди.


       Пойтахт ИИББ ҲПБда бош инспектор лавозимида ишловчи подполковник Алишер Абдугаппаров  тумандан келган ёш ходимга устозлик қилиб, бошқармада олиб бориладиган хизмат вазифаларини пухта эгаллашига кўмаклашди.  


         2022 йилда Абдуллажон ИИББ  маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати катта инспектор лавозимига  ўтказилди.  Бу ерда  майор Фарҳод Икрамовдан соҳанинг  ўзига хос жиҳатларини ўргана бошланди.


        – Ҳар бир соҳанинг ўзлаштирадиган жиҳатлари, қийинчиликлари бор. Албатта, устоздан билим ва тажрибасини қабул қилиш жуда катта аҳамиятга эга, – дейди  капитан Абдуллажон Жаннаталиев. – Ходимлар билан ишлаш бу – ходимнинг ишга олинишидан бошлаб, то нафақага чиққунга қадар бўлган жараённи  синчиклаб ўрганиб, кузатиб боришдан иборат. Бу даврда унинг ишига баҳо бериш, рағбатлантириш ёки жазолаш, оилавий шарт-шароитлари, соғлиғи кабиларга, маънавий ва жисмонан тарбиясига ҳам жавобгар ҳисобланасиз.


        Ҳа, қаҳрамонимиз айтганидек, ҳар бир соҳанинг ўзига яраша  машаққати, ўрганиладиган ва ўзлаштирадиган жиҳатлари кўп.  Лекин бир нарса ҳаммаси учун умумий, бу ҳам бўлса  мунтазам ўқиш ва изланишдан тўхтаб қолмасликдир.

Барча янгиликлар

Text to speech