20 Сентябр 2024 йил 602

Ҳужжат сўрама, пулини бер!

Мирадҳам 30 ёшларни оралаган бўлса-да, фойдали меҳнат билан шуғулланиш ҳақида ўйламади. Бунинг ўрнига таниш-билишларини ишга солиб, Тошкент туманида катта ер майдони  борлиги,  боғ-роғ, ферма қуриш, мол боқиш учун қулай эканлиги ҳақида овоза тарқатди. Сохта эълонга росмана ишонувчанлар ҳам топилди. 1981 йилда туғилган Раъно ерга харидор чиқди. Мирадҳам уни ўзгага тегишли бўлган, ўзига ҳеч қандай алоқаси бўлмаган қаровсиз ётган ер майдонига етаклаб борди. Эгаси кимлигини ўзи ҳам билмайдиган ерни 32.000 АҚШ долларига баҳолади. Раъно бошланғич тўлов сифатида 26.000 АҚШ долларини бутун август-сентябрь ойи бўлиб-бўлиб тўлаб борди. Қолганини нотариус орқали қонунийлаштирилгач тўлашини айтди. 2023 йилнинг октябрида  аслида Мирадҳамга тегишли бўлмаган ер майдони қонуний расмийлаштирилиши керак эди. Бироқ Мирадҳам ҳар сафар бу жараённи ортга сураверди, ниҳоят телефонни кўтармай ҳам қўйди.

– Жабрланувчи қуруқ ер майдонини кўрган холос, аммо унинг ҳужжатларини сўрамаган, ер кимнинг номида, умумий майдони қанча, қайси идора томонидан қандай ҳужжатлаштирилганлигига қизиқмай, кўр-кўрона ваъдалашган ва бўлиб-бўлиб пулини тўлаб борган, – дейди Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, лейтенант Тожиддин Тошпўлатов. – Аслида  нотариус орқали қонуний расмийлаштирилгач пул олди-бердиси амалга оширилса, тўғрироқ бўларди.

Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди очиқ суд мажлисида Мирадҳамнинг қилмишини кўриб чиқиб, қонуний баҳо берди ва Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми  “а” банди (“Фирибгарлик”) билан айбли деб топди. Унинг муқаддам судланмаганлиги, айбига тўла иқрорлиги, пушаймонлиги, келтирилган зарарни тўлиқ қоплаганлиги, жабрланувчининг даъвоси йўқлиги инобатга олиниб, кодекснинг 57-моддасини қўллаган ҳолда, базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари, яъни 33 миллион сўм жарима жазоси тайинланди.

Барча янгиликлар

Text to speech