Хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторлар томонидан семинар тренинг ўтказилди
Тошкент шаҳар ИИББ хотин-қизлар масалалари бўйича бўлими ходимлари пойтахт “Mehr ko’zda” маркази билан ҳамкорликда ташкил этилган семинар тренингда иштирок этди. Мазкур тренинг “Ўзбекистонда зўравонлик хавфи остида ва зўравонлик қурбонлари бўлган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича фуқаролик жамияти институтларининг салоҳиятини ошириш" лойиҳаси доирасида ўтказилди.
Тадбирда Тошкент шаҳар ИИББ хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспекторлар, шаҳар ҳокимияти Оила ва хотин-қизлар бошқармаси масъуллари, маҳалла фаоллари иштирок этди. Иштирокчилар тренинг давомида хотин-қизларга нисбатан зўравонликка қарши қабул қилинган халқаро конвенциялар ва миллий қонунчилик, тазйиқ ва зўравонлик турлари, уларни бартараф этиш ҳамда уларга қарши курашиш соҳасидаги илғор хорижий тажрибалар билан танишишди.
Шунингдек, етакчи мутахассислар томонидан маҳалла қўмиталарининг оиладаги зўравонликни олдини олиш, хавф остида бўлган аёлларни ёки зўравонлик қурбонларини, ногирон аёлларни қўллаб-қувватлаш, низоларини ҳал қилиш бўйича салоҳиятини ошириш масалалари кўриб чиқилди.