19 Сентябр 2024 йил 1197

Хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторларнинг 8 ойлик фаолияти сарҳисоб қилинди

Тошкент шаҳар ИИББда профилактика хизмати раҳбарияти ва масъул ходимлари иштирокида йиғилиш ўтказилиб, унда хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспекторлар томонидан жорий йилнинг 8 ойи давомида амалга оширилган ишлар якунлари муҳокама қилинди.


Йиғилишда инспекторлар томонидан хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлаш, ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, тазйиқ ва зўравонликнинг ҳар қандай кўринишидан ҳимоя қилиш, жиноятлардан барвақт огоҳ этиш борасидаги фаолияти ўз натижасини бераётганлиги таъкидланди.


Жумладан, ҳисобот даврида 7 959 нафар аёлнинг оилавий аҳволи ўрганилиб, 6 191 та низоли оилалар аниқланган, шундан 3 409 та оилаларнинг низоларига барҳам берилган. Тазйиқдан жабр кўрган аёлларга инспекторлар томонидан 1 165 та ҳимоя ордерлари расмийлаштирилган.


Инспекторлари томонидан мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда олиб борилган ишлар натижасида 282 нафар аёллар ишга жойлаштирилган, 590 нафар аёлларга моддий ёрдам кўрсатилган, 117 нафари даволанишга муҳтожлиги аниқланиб, тиббий диспансерларга юборилган, 60 нафарига тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишда кўмаклашилган.


Шу билан бирга, аёлларнинг жисмоний ва маданий ривожланишига қаратилган 2 759 та тадбирлар ўтказилган. Маҳаллаларда, ўқув муассасаларида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасига қаратилган учрашувлар ташкил этилган. Улар орасида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонунчиликдаги янгиликлар юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилган.


Шунингдек, йиғилишда йўл қўйилган камчиликлар муҳокама қилиниб, хотин-қизлар ўртасида профилактика ишлари самарадорлигини ошириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди. Бундан ташқари, аёлларимизни қийнаётган муаммоларни аниқлаш ва уларни ўз вақтида ҳал этиш мақсадида хотин-қизлар билан ишончли мулоқотни йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди.

Барча янгиликлар

Text to speech