30 Май 2024 йил 1185

Ходимлар фарзандига эътибор

Дунёда фарзанд  орзу-ҳавасида бўлмаган инсонни топиш қийин. Зотан улар ҳаётимиз давомчиси, умримиз мазмуни, келажагимизни яратгувчиси, кексайганимизда тиргагимиз ва фахримиздир. 1 июнь – ана шу умидларимизнинг инъикоси бўлмиш жажжи, шириндан-ширин  фарзандларимизнинг  байрами. Таъкидлаш лозимки, ички ишлар органлари ходимлари фарзандларининг муносиб ҳордиқ чиқаришлари, байрам шукуҳидан баҳраманд бўлишлари пойтахт ИИББ раҳбариятининг эътиборидан четда қолмайди. Маълумки, ушбу тантана арафасида нафақат  хизмат олиб бораётган балки, ўз хизмат бурчларини сидқидилдан бажариб, жиноятчиликка қарши кураш, жамоатчилик тартибини сақлашда ўз жонларини фидо қилган жасур ходимларнинг ҳам фарзандларига эътибор  кўрсатилади.


Куни кеча ўтказилган тадбирга хизмат вазифаларини бажариш чоғида ҳалок бўлган ўттиздан ортиқ ходимларнинг 64 нафар фарзандлари ўз васийлари билан биргаликда  таклиф этилди. Меҳмонлар Тошкент ҳайвонот боғида бўлишиб, у ердаги ҳайвонот олами билан танишибгина қолмай, масканда фаолият юритаётган барча аттракцион ва ўйингоҳларда  ўйнаб завқ олишди. Уларга атаб ёзилган байрам дастурхонида тамадди қилиш чоғида болажонларга қимматбаҳо совғалар топширилди. Сўнгра Ғофур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғига йўл олишди. Боғдаги барча кўнгилочар  ўйинлар шу куни уларнинг шодон кулгуси ва қувончига хизмат қилди.


Кичкинтойларнинг байрами катталарга ҳам байрам кайфиятини улашади. Табиийки, аксарият ходимлар ушбу кунда болаларимиз мазза қилиб истироҳат боғлари, кўнгилочар масканларда  қувнаб ҳордиқ олишлари учун  жамоат тартибини сақлаш, уларнинг осойишта, бехавотир, эмин-эркин қувнаб-яйрашларини таъминлаш ишларига жалб этилади. Аммо бу уларнинг фарзандлари ушбу байрам завқидан бебаҳра қолади, дегани эмас. Ходимларнинг фарзандлари байрамни муносиб ўтказишини таъминлаш мақсадида, шаҳар ички ишлар ходимлари Бирлашган касаба уюшмаси томонидан пойтахтимизда фаолият юритувчи истироҳат боғлари, кўнгилочар масканларда мириқиб ҳордиқ чиқаришлари учун чипталар топширилди. Албатта, болажонлар ушбу масканларга ташрифи чоғида олам-олам қувончга тўлиб, унутилмас таассуротлар олиб қайтади.

Барча янгиликлар

Text to speech