25 Декабр 2024 йил 165

Ҳавас етаклаган матлаб

Азиза Юсупова ҳуқуқ-тартибот соҳасида ишлайдиган аёл-қизларга ҳавас билан қарар, бир кун келиб албатта у ҳам чиройли, кўркам формаларни кийиб, эл-юрт хизматига бел боғлашини орзу қиларди. Тошкент давлат Аграр университетининг иқтисодиёт факультетида таҳсил оларкан, ўз соҳасининг мутахасссиси бўлиш учун қунт ва иштиёқ билан ўқиди. Олийгоҳни битиргач эса бир мунча вақт ўтиб, Тошкент шаҳар ИИББга ишга кириш ҳақида ариза билан мурожаат қилди. Азиза 2011 йилдан буён Бош бошқармада самарали меҳнат қилиб келмоқда. Илк фаолиятини устози бўлим бошлиғи, полковник Нодира Расулеванинг бевосита қатъий назорати остида ўрганди. Нодира Анваровна бўлим бошлиғи бўлиш билан бирга ИИББ хотин-қизлар масалалари бўйича кенгаш раиси бўлганлиги сабабли, у ички ишлар органлари аёлларининг юриш-туриши, муомаласи, маданияти, касб одобномасига, ижро интизомига риоя этиш каби кўникмаларни ҳам ўзлаштирди. Бу эса кейинчалик пойтахт туманлари ИИО ФМБларида Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлимлари хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторлик лавозимларида фаолият юритганида жуда асқотди. Шунингдек, пойтахт ИИББ Тезкор навбатчилик қисмида тезкор навбатчи лавозимида хизмат қилган вақтида ҳам ўта оғир, оғир жиноятларни иссиқ изидан фош этишда фаол қатнашди. Азиза қайси соҳада фаолият юритмасин, унга ишониб топширилган вазифаларни масъулият билан, сидқидилдан, бекаму-кўст бажариб раҳбариятнинг ишончини оқлашга эришди. Айни пайтда капитан Азиза Юсупова пойтахт ИИББ МТҲПТБ катта мутахассиси лавозимида самарали меҳнат қилиб келмоқда. Ички ишлар органларида хизмат йили, касаллиги ёки бошқа сабаблар билан нафақага чиққан ходимларга нафақа пулларини ҳисоблаш, ўз вақтида пластик карталар эгаларига ўтказиш, нақд пул олувчиларга етказиш борасида самарали меҳнат қилиб келяпти. Шунингдек, вафот этган ходимларнинг оила аъзоларига боқувчисини йўқотганлик нафақаси ҳамда вояга етмаган фарзандларига ижтимоий нафақалар тайинлаш, ўқиш масканларига маълумотномалар бериш каби кўплаб вазифаларни бажариб келмоқда. Ўз зиммасидаги вазифаларни сидқидилдан бажариш билан бирга оиласида вояга етмаган ширингина қизалоғи ва ўғил фарзандларининг ҳам тарбиясига вақт ажратишга, яқинларининг кўнглини олишга, катталарнинг хизматини қилишга, қариндошлик ришталарини мустаҳкамлашга эришмоқда. Азиза сингари кўчани ҳам, уйни ҳам тенг эплаб келаётган аёллар ички ишларда талайгина. Биз уларнинг бири ҳақидагина сўз юритдик. Мана шундайларга эргашса, ўрнак олса арзийди.

Барча янгиликлар

Text to speech