22 Июл 2024 йил 951

Ҳамма гап – тарбияда

2023 йилнинг кузи, аниқроғи 3 октябри, Аҳмаджон тун қаърисида уйидан яширинча чиқиб кетди. Соат тунги иккиларга яқин Яшнобод туманидаги мавзелардан бирида изғиб юрди. Асли нияти қаровсиз қолган автомашинани ўғирлаб қочиш, салондаги бирор қимматли нарсаларни қўлга киритиш бўлган Аҳмаджон Валиевга тегишли “Cobalt” русумли автомашинанинг ойнаси очиқлигига эътибор берди. Яқинлашиб эшигини тортган эди, қулфланмаган, ташвишгоҳ ўрнатилмаган экан,  очилди. Бироқ уни ўт олдира олмади. Нияти амалга ошмаган Аҳмаджон асабийлашиб, автомашина қутиларини тита бошлади. 250 минг сўмгина пул бор экан. Олишдан ҳазар қилмай, чўнтагига солди-ю жуфтакни ростлади. Жонини шунча таҳликага қўйиб, атиги 250 минг сўмни қўлга киритгани алами унга тинчлик бермади. Аламзада Аҳмаджон 6 октябрь куни яна шу мавзеда пайдо бўлди. Соат тунги бирдан ошган. Ишдан, юмушдан чарчаган пойтахтликлар уйқуда. Бироқ 18 ёшли, куч-қувватга тўла Аҳмаджон эгри ниятда автомашиналар турган жойларда писиб юрибди. Жаҳонгирга тегишли “Nexia-3” русумли автомашинанинг нафақат эшиги қулфланмаган, ҳатто калити ҳам ўт олдиргичда қолдирилган экан. У ўйлаб ҳам ўтирмай автомашинани ҳайдаб қочди. Ўғирлик жойидан узоқлашгач, салонни кўздан кечирди, қутиларни титиб қараса, 4.450.000 сўм  пул бор экан. Автомашинани тўхтаган жойида қолдириб, пулларни чўнтагига тиқди-да воқеа жойидан яширинди. Орадан уч кун ўтиб яна кўчага отланди. Бу сафар тумандаги Нормуҳамедов мавзесида ўралаша бошлади.  Шайтон унга ҳамроҳ эканми, омади келди. Қурбонга тегишли  “Gentra” автомашинасининг калити жойида қолдирилгани унга айни муддао бўлди. У автомашинани олиб қочаркан, четроққа тўхтаб ўртоқлари Дониёр, Комил ва Камолларга қўнғироқ қилиб кўчага чиқишларини сўради. Улар ҳам уйқусизликдан ёки бекорчиликдан зерикаётган эканми, дарров  кўчада ҳозиру нозир бўлишди. Аҳмаджон уларга автомашина акасига тегишли эканлигини айтиб, шаҳар айланишга чақирди. Автомашина ичидан топилган  бир миллион сўмни еб-ичиб, маҳоратини кўрсатиб қўйгиси келиб “драйв” қиламан деганда,  Алиев кўчасидаги ариққа  тушиб кетди. Ўртоқлар билан биргаликда машинани чиқариб олгач, уларни уй-уйига элтиб, машинани  узоқроқда қолдириб,  ҳеч нарса бўлмаганидек уйига кирди.  

– Айбдор ёш бўлишига қарамай, тергов жараёнида киприк қоқмай “мен у ерда бўлмаганман, ҳеч нарса кўрмаганман, олмаганман, билмайман”, деб сурбетларча жавоб бериши ҳам кулгили, ҳам ачинарли ҳолдир, – дейди  Яшнобод тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими терговчиси, капитан Сирожиддин Зайниев. – Униинг ўзини тутишига қараб,  зўравонлик, жиноят, енгил пул топиш ниятида ҳар қандай қабиҳликдан тап тортмайдиган “қаҳрамонлар” ҳақидаги фильмларнинг ёшлар онгига салбий таъсир қилаётганини англаш қийинмас. Афсуски, ёшлар тарбиясида ҳали қилинадиган ишлар кўп.

Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди Аҳмаджонни Ўзбекистон Республика  Жиноят кодексининг 267-моддаси (“Транспорт воситасини олиб қочиш”), 169-моддасида (“Ўғрилик”) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топди. Жиноят кодексининг 59-моддасига асосан тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан айбдорга узил-кесил беш йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Барча янгиликлар

Text to speech