6 Август 2024 йил 1037

Ҳамма гап “ишонтириш” маҳоратида

Мирсаид ёғлироқ иш топиш мақсадида ўзини ҳар ёнга уриб, ҳали у, ҳали бу ишнинг этагидан тутиб, бирор жойда қўним топмади. Бора-бора бекорчиликка ҳам ўрганди. Бироқ қорин ташвишидан қутулиш осонмас. Бўш қоп тик турмас, деб бежизга айтилмаган-ку! Кийим-бош, кундалик рўзғор, коммунал тўловлар ҳақида-ку гап бўлиши мумкин эмас.

Мирсаид 2022 йилнинг июнь ойида Янгиҳаёт тумани Навқирон маҳалласида жойлашган дўконга кириб, айланиб чиқиб кетаётганида таниши Абдуазизни учратди. Салом-аликдан сўнг гурунглашгани яқин атрофдаги қаҳвахоналардан бирига киришди.  Абдуазиз уй олмоқчи эканлиги, алоҳида рўзғор юритмоқчилиги ҳақида гап очди. Мирсаид анчадан бери уй-олди сотдиси билан шуғулланаётгани, банкда танишлари борлиги, кам фоизли кредит олиб бериши мумкинлигини билдирди.

– Сен ҳеч қаерга югурмайсан, оворагарчилик бўлмайди. Ҳужжатлар тўплаш билан ўзим шуғулланаман. Фақат хизмат ҳақим учун 3.100 АҚШ доллари берсанг бўлди, уй калити қўлимда деявер.

Абдуазиз айтилган пулларни Мирсаидга элтиб берди. Орадан бир ҳафта ўтмай, Мирсаид иш яхши кетаётгани, яна озгина чиқим чиққанлигини айтиб, 4.450.000 сўм пул олди ва сувга тушган тошдек кўринмай кетди.

Абдуазиз уй калитини кутиб, ширин хаёллар оғушида юра турсин, Мирсаиднинг кейинги “қурбони” билан танишайлик.

Сергели туман ҳудудида жойлашган транспорт воситалари ва уларнинг эҳтиёт қисмлари сотиладиган дўкон расталарида айланиб юрган Мирсаид таниши Йўлдошни учратиб қўйнига қўл солди. Кўнглида шубҳа-гумон бўлмаган Йўлдош машина олиш ниятида эканлигини айтиши, Мирсаид учун айни муддао бўлди.  

– Энг яхшиси “Spark”.  Машина олди-сотдиси билан анчадан бери шуғулланиб, кўплаб таниш-билиш орттирдим. Олибсотарлар ичида ҳурматим баланд. Истаган нархингда бўёғи синмаган, “пробеги” кам, биринчи қўл “Spark” топиб бераман, – деб Йўлдошни ишонтирди у.

Йўлдош 14.800.000 сўмни қуртдек санаб Мирсаиднинг қўлига топшираркан, қайта-қайта раҳмат айтиб, оғзи қулоғида хайрлашди. Бу уларнинг охирги кўришишлари, кейинги учрашув бир неча ойдан сўнг ички ишлар идораларида бўлишини Йўлдош хаёлига ҳам келтирмаганди. Йўлдош машинасини кута турсин, биз эса  Мирсаиднинг кейинги фириби билан танишамиз.

Орадан кўп ўтмай, Мирсаид  яна ўша бозорда айланиб юраркан  кўз кўриб, салом-алик қилиб юрган Аҳат исмли танишини учратиб қолди. Транспорт воситалари ва уларнинг эҳтиёт қисмлари бозорида юрибдими, демак  автомашина сотиб олмоқчи, пули б-о-о-о-р... Мирсаиднинг калласига келган биринчи фикр ана шундай эди. У Аҳатни гапга соларкан, ўйлагани тўғри эканлигидан қувонди. Аҳат “Кобальт” автомашинаси харидори экан. Бироқ уни ҳарчанд аврамасин, “қурумсоқ” Аҳат  “ҳожатбарор”га бор-йўғи 1000 АҚШ доллари беришини, қолганини автомашинани расмийлаштиргандан кейин олишини айтиб унинг “иштаҳаси”ни бўғди.

– Мирсаид танишларини чув тушириб, қўлга киритган маблағларни ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборган, – дейди Янгиҳаёт тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими терговчиси, майор Ихтиёр Махамматов. – Тергов жараёнида Мирсаиднинг пулларни олганини исботлаш бирмунча қийин кечди, ҳолбуки, бирор расмий ҳужжат ёки гувоҳларсиз кечган олди-бердиларни  исботлаш мушкул жараён.

Жиноят ишлари бўйича Янгиҳаёт тумани суди Мирсаидни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (“Фирибгарлик”) билан айбли деб топди ҳамда иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда, икки йил ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ҳукм қилди.

Барча янгиликлар

Text to speech