6 Август 2024 йил 1210

Гугуртга кетиб ...

Павел кечаси билан у ёқдан-бу ёққа ағанаб чиқди. Эҳтиёт шарт ярим стакан бўлса-да ароқни бош оғриғи учун олиб қўймаганига пушаймонлар еди. Сув ҳам унинг ичида ёнаётган ўтни  ўчиролмаётган эди. Музлатгичини сотиб юборганига афсусланди. Қанийди муздек-муздек пивоми, кефирми ичса-Ю ичидаги оловни ўчирса... Охирги қўлга илинадиган нарсаси – бу музлаткич эди. Лекин ичкилик қурғурни ичмаса, туролмаса, сотиб олиш учун эса пул керак эди-да. Энди афсусдан фойда йўқ. Тонг ҳам тезроқ ота қолмади. Ароқ-вино сотадиган дўкон очилсайди... ахийри, Павелнинг тоқати-тоқ бўлиб, дўкон очилишини кутиш учун кўчага чиқди. 2023 йилнинг 31 марти, тонги 06.00лар. У дўкон очилиши билан 200 гр. ароқни олиб, уйига шошилди. Даъватан, уй йўлаги олдида қаровсиз қолдирилган “Philipps” велосипедини кўриб қолди. Ён атрофда ҳеч ким йўқ. У велосипедни олиб хонадонига олиб кирди. Велосипед эгаси Қаҳрамон эса тонгда нон ва гугурт харид қилиш мақсадида дўконга чиқиб, ярим йўлда гугурт  олишни унутган ҳолда, велосипедни йўлакка қўйиб орқага қайтган эди. Дўкондан чиқиб, уловини топа олмади.

1987 йилда туғилган, уйланмаган ўрта-махсус маълумотли, биринчи марта 2012 йилда ўғирлик жинояти учун судланган Павелнинг кейинги ҳаёти ҳам ҳавас қиларли даражада кечмади. 2014, 2016, 2019 йилларда ҳам ўғирлик жиноятлари содир этиб, турли муддатларга озодликдан маҳрум этилди. Ҳаётининг энг гуркираган, яшнаган даврини эрксизлик ва тўрт девор ичида ўтказишига қарамай, бундан тегишли хулоса чиқармади.

– Инсон бир йўлдан адашмасин. Адашдими, тўғри йўл топиш кўп мушкул, – дейди Чилонзор тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, лейтенант Артур Камолов. – Четдан туриб айтишга, маслаҳат беришга осон. Масалан, Павелнинг  яқинлари, беғараз ва самимий кўмак берадиганлари, қўллаб-қувватлайдиганлари бўлмаган. Ғаразли, нопок кимсалар атрофида гирдикапалак бўлиб, эгри йўлга бошлаган. Ичкилик оқибатида ота-онасидан қолган бор-будини сотиб, “дўстларини” хурсанд қилишга сарфлайверган.

Жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани суди Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси (“Ўғирлик”) билан Павелни айбдор деб топиб, мазкур кодекснинг 57-моддасини қўллаб, унга 4 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлади.

Барча янгиликлар

Text to speech