26 Август 2024 йил 708

“Гўштхўр” ўғри

Улуғбек ёшлигидан отасига ёрдам бергани боис шаҳарнинг энг гавжум ва марказида жойлашган, тарихий “Эски жува” деҳқон бозорининг ҳар бир қаричини ёд билади. Отаси бу ерда гўшт маҳсулотлари сотиш билан шуғулланарди. Бир мунча вақт у отасининг ишини давом эттирди. Аммо кейинчалик нима бўлди-Ю бу иш меъдасига тегди. Ҳар ишга бошини тиқиб кўрди, аммо ҳеч бири кўнглига ўтирмади. Ахийри, дангасалик устун келиб, нима билан шуғулланишни ўзи ҳам билолмай, ишсиз қолди. Афсуски, рўзғор, кундалик эҳтиёж унинг хоҳиш-истаклари билан ҳисоблашмади. Ётиб еганга тоғ чидамайди, деганлари рост экан, кундан кунги рўзғор харажатлари ортидан қарзга киришга ҳам улгурди. У яна гўшт савдоси билан шуғулланиш ниятида бозорга бориб, ҳол-аҳволни ўрганмоқчи бўлди. Гўшт расталарини айланиб юраркан сотувчилар фойдаланадиган катта музлатгичга кўзи тушди. У очиқ эди. Эртаси, аниқроғи 2022 йилнинг 24 январи куни соат 20.30ларда – қишнинг чилласида бу вақтда бозорда деярли одам қолмайди – у қўлида катта қора целлофан қопча билан гўшт растасида пайдо бўлди. Зайниддинга тегишли бўлган 3.150.000 сўмлик 45 килограмм гўштни ўзи билан олиб келган қора целлофан қопга солди-да бозордан чиқиб кетди. Икки кун ўтиб , соат кечки саккизларда яна гўшт растасига келди. Бу гал 1.260.000 сўмлик 18 килограмм гўштни ўмарди. Бир пайтлар Фурқат деган кимса ундан кўтарасига гўшт олиши эсига тушиб, унга қўнғироқ қилди ва ўғирлик молларни пуллаб юборди. Зайниддин иккинчи сафар ҳам музлатгичга қўйилган гўштларнинг салмоғи камайганидан ташвишга тушиб, бозорда хизмат олиб бораётган ички ишлар ходимларига мурожаат қилди. Улуғбек Ғиёсиддинга тегишли 680.000 сўмлик 8 килограмм гўштни ўғирлаётган пайтида ички ишлар ходимлари томонидан ашёвий далил билан қўлга олинди.

– Пул ҳаммага керак. Бироқ бу пешона тери билан топилса, ҳалол бўлсагина турмушга файз, рўзғорга барака олиб киради, – дейди Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими катта терговчиси, майор Баҳодир Тожиев, – Тўрт мучаси соғ, икки нафар фарзандли отанинг оиладаги бурчи, масъулиятини билмаслиги ачинарли ҳолдир. Унга қандай жазо тайинланмасин, фарзандлари тақдирига бу акс садо бермай қолмайди, албатта.

Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди томонидан 1989 йилда туғилган Улуғбек Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а” банди (“Ўғирлик”) билан айбдор, деб топилди. Суд унинг жабрланувчиларга етказган зарарни тўлиқ қоплагани, оиланинг ягона боқувчиси эканлиги, жабрланувчиларнинг даъвоси йўқлигини инобатга олиб, Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, айбдорга 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазосини тайинлади.

Барча янгиликлар

Text to speech