21 Феврал 2024 йил 1900

Гиёҳвандлик воситаларини тарқатмоқчи бўлган шахслар ушланди

Пойтахтда гиёҳвандликка қарши курашиш йўналишида Тошкент шаҳар ИИББ ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликдаги тезкор тадбирлар давом этмоқда. Натижада гиёҳвандликни тарқатиш билан шуғулланувчи бир қатор шахслар қўлга олинган. Жумладан,

Жорий йилнинг 8 февраль куни Чилонзор туманида ўзини шубҳали тутган 2002 йилда туғилган Эргашев Лазизбек Азиз ўғли тўхтатиб холислар иштирокида текширилганда, ёнидан 10 дона ўрамда бўлган “Мефедрон” гиёҳвандлик воситаси аниқланган. Аниқланган гиёҳвандлик воситалари ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган ва тегишли ҳужжатлар билан терговга тақдим этилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Л.Эргашевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Шунингдек, жорий йилнинг 14 февраль куни Миробод туманида ўзини шубҳали тутган 1996 йилда туғилган Холмонов Жавохир Ихтиёр ўғли тўхтатилиб холислар иштирокида текширилганда, ёнидан 6 дона ўрамдаги “Мефедрон” гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.

Мазкур ҳолат юзасидан Ж.Холмоновга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Ушбу ҳолатлар юзасидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда, тергов якуни бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.

Ҳурматли фуқаролар, агар сиз ушбу шахсларнинг ноқонуний гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғулланганлиги, гиёҳвандлик воситаларини яширганлиги ёки бошқа жиноятларга алоқадорлиги ҳақида бирор маълумотга эга бўлсангиз, Тошкент шаҳар ИИББнинг 71-206-45-69, 71-206-49-46 ёки 102 рақамларига ёхуд яқин орадаги ИИБга мурожаат қилишингизни сўраймиз. Мурожаат қилувчининг шахси сир сақланиши кафолатланади.

Барча янгиликлар

Text to speech