Пойтахтда гиёҳвандликка қарши курашиш йўналишида Тошкент шаҳар ИИББ ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликдаги тезкор тадбирлар давом этмоқда. Натижада гиёҳвандликни тарқатиш билан шуғулланувчи бир қатор шахслар ушланган ва уларнинг жиноий фаолиятига чек қўйилган. Жумладан,
Жорий йилнинг 4 февраль куни тахминан соат 22.00 ларда Янгиҳаёт туманида ўзини шубҳали тутган 1987 йилда туғилган Мусаев Миразиз Миржамолович тўхтатилиб холислар иштирокида текширилганда, ёнидан 16 дона ўрамдаги, умумий оғирлиги 16,13 грамм бўлган “гашиш” гиёҳвандлик воситаси аниқланган. Ушбу гиёҳвандлик воситалари ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган ва тегишли ҳужжатлар билан терговга тақдим этилган.
Бундан ташқари, жорий йилнинг 7 февраль куни тунги соат 22.30 ларда Миробод туманида ўзини шубҳали тутган фуқаролар 2002 йилда туғилган Файзуллаев Алишер Ўктамович ва 2005 йилда туғилган Мухаммадов Фирдавс Фируз ўғли тўхтатилиб холислар иштирокида текширилганда, ёнидан 3 дона ўрамдаги, умумий оғирлиги 1,39 грамм бўлган “гашиш” гиёҳвандлик воситаси борилиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган. Текширув жараёнида ушбу фуқаролар Миробод туманидаги бир нечта жойларга гиёҳвандлик воситаларини яширишганлигини маълум қилишган. Ушбу яширилган гиёҳвандлик воситаларининг жойлари аниқланиб, 6 та ўрамдаги “гашиш” гиёҳвандлик воситаси холислар иштирокида расмийлаштириб олинган.
Шунингдек, жорий йилнинг 8 февраль куни тахминан соат 10.00 ларда Мирзо Улуғбек туманида ўзини шубҳали тутган 1998 йилда туғилган Ватанабе Михаил Русланович тўхтатилиб холислар иштирокида текширилганда, ёнидан 5 дона ўрамдаги, умумий оғирлиги 4,02 грамм бўлган “гашиш” гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.
Юқорида қайд этилган барча ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, гумон қилинувчиларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда, тергов якуни бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.
Ҳурматли фуқаролар, агар сиз ушбу шахсларнинг ноқонуний гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғулланганлиги, гиёҳвандлик воситаларини яширганлиги ёки бошқа жиноятларга алоқадорлиги ҳақида бирор маълумотга эга бўлсангиз, Тошкент шаҳар ИИББнинг 71-206-45-69, 71-206-49-46 ёки 102 рақамларига ёхуд яқин орадаги ИИБга мурожаат қилишингизни сўраймиз. Мурожаат қилувчининг шахси сир сақланиши кафолатланади.