14 Ноябр 2022 йил 743

Тошкент шаҳар ИИББ Тезкор қидирув хизмати ходимлари томонидан гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг қонунга ҳилоф равишда муомалада бўлиш ҳолатларини аниқлаш ва уларга чек қўйиш юзасидан олиб борилаётган ишлар тўғрисида

Тошкент шаҳар ИИББ Тезкор қидирув хизмати ходимлари, ИИВ Тезкор қидирув департаменти ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг масъул ходимлари билан ҳамкорликда мунтазам равишда наркотик моддаларни истеъмол қилишга мўлжалланган бангихоналарни аниқлаш, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг қонунга ҳилоф равишда муомалада бўлиш ҳолатларини аниқлаш ва уларга чек қўйишга қаратилган махсус профилактик тадбирларни ўтказмоқдалар. Ушбу тадбир доирасида Тошкент шаҳар ИИББда ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамда бошқа тегишли тузилмалар раҳбарияти ва масъул ходимлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда тегишли кўрсатмалар муҳокама қилиниб, амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди. Шунингдек, юқоридаги мавзуга бағишланган йиғилишлар пойтахтимизнинг ҳар бир туманида ташкиллаштирилиб, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.
Амалга оширилаётган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, 2022 йилнинг 1-10 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида 1 065 граммдан зиёд наркотик моддалари олиб қўйилди.
Жумладан, жорий йилнинг 1 ноябрь куни Шайхонтоҳур тумани, Беруний кўчасида ўтказилган тадбир натижасида, 37 ёшли И.Х. бошқарувидаги “Дамас” русумли автомашина салонидан 238 дона “Регапен” ва 148 дона “Зардекс” номли кучли таъсир қилувчи дори воситалари аниқланиб, далилий ашё сифатида олинган.
7 ноябрь куни Бектемир туманида, туман ИИО ФМБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида “Кобальт” русумли автомашина тўхтатилди. Автомашинада бўлган 30 ёшли йўловчи Х.Н.ни текшириш вақтида, унинг ёнидан 220 дона “Регапен” гиёҳвандлик моддаси топилиб, далилий ашё сифатида олинган.
8 ноябрь куни Чилонзор туманининг 17 даҳасида ўтказилган тадбир натижасида, 26 ёшли Д.О. бошқарувидаги “Спарк” русумли автомашина салонидан 1193 дона “Регапен”, 1100 дона “Зардекс” ва 415 дона “Тропикамид” номли кучли таъсир қилувчи дори воситалари аниқланиб, далилий ашё сифатида олинган.
Шу куни Янгиҳаёт тумани, Ташаббус кўчасида ўтказилган тадбир натижасида, 33 ёшли Д.У. ва 21 ёшли Ш.Х.лар, 2.300.000 сўм эвазига кучли таъсир қилувчи дори воситаларини харидорга сотаётган вақтда ушланиб, 52 дона “Регапен” дори воситалари далилий ашё сифатида олинган.
Ҳозирда олинган ашёвий далиллар манбасини аниқлашга қаратилган тезкор ишлар олиб борилмоқда. Бу борадаги профилактик ишлар давом эттирилиб, содир этилган қилмишлари учун жавобгарлик муқаррарлиги тамойилига риоя этилиши таъминланмоқда. 

Барча янгиликлар

Text to speech