Гиёҳвандлик воситаларини қонунга хилоф равишда сақлаш ҳолати бўйича жиноят иши қўзғатилди
Жорий йилнинг 10 август куни Тошкент шаҳар ИИББ ЖҚБ, Ўзбекистон Республикаси ИИВ ШХББ Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси, ДХХ ҳамда Чилонзор тумани ИИО ФМБ ЖҚБ ходимлари томонидан Гиёҳвандлик воситаларини қонунга хилоф равишда сақлаш ҳолати бўйича ҳамкорликдаги махсус тадбир ўтказилди. Жумладан, Чилонзор тумани, Қатортол кўчасида муқаддам судланган 38 ёшли Отабек Ш. тўхтатилиб, ҳолислар иштирокида текширилганда, ёнидан кейинчалик сотиш мақсадида сақлаб келаётган жами 107 дона пакетга қадоқланган умумий оғирлиги 150 грамм “гашиш” гиёҳвандлик воситаси аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинган. Шунингдек, унга тегишли бўлган автоуловларни таъмирлаш устахонасидан, яна 17 дона пакетга қадоқланган умумий оғирлиги 10 грамм “гашиш” гиёҳвандлик воситаси аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинган. Текширув давомида, ушбу гиёҳвандлик воситаларини 36 ёшли Сардорбек томонидан, кейинчалик сотиш учун Отабек исмли шахсга берилгани аниқланган. Олиб борилган тезкор тадбир натижасида, у ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан қўлга олинган. Мазкур ҳолат юзасидан Чилонзор тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов давом этмоқда.