Ички ишлар идораларида фаолият юритаётган аёлларнинг аксариятини ўз юрак амри, касбга бўлган катта қизиқиши туфайли келганлар ташкил этади. Улар ишни, оила, фарзанд тарбияси, қариндош-уруғчиликни бир вақтнинг ўзида олиб бориш осон эмаслигини яхши тушунадилар. Оилани, уй-рўзғорни, кўчани ҳам эплаш нозик елкаларидаги доимий ва катта масъулият эканлигини ҳис этадилар.
Ҳикоямиз қаҳрамони Сарбар Шукуриллаева Миробод тумани ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими вояга етмаганлар билан ишлаш бўлинмасида инспектор лавозимида, старшина унвонида иш бошлаганига мана йигирма йилдан ошибди. Илк иш бошлаганидаёқ, маълумоти олий, ҳуқуқшунос бўлишига қарамай, ички ишлар идораларидаги фаолият тубдан ўзгача эканлигига амин бўлди. Бу эса қатор қийинчиликлар туғдирди. Хаёлига “эплай олармиканман,танловда адашдиммикан”, деган иккиланишлар келди. Касб кўникмаларини ҳосил қилиш, иш жараёнини ўрганиш, юритишда устозлари подполковник Анвар Аскеров (марҳум), майор Людмила Мавлянова, подполковник Самариддин Зайнутдиновлар яқиндан ёрдам бердилар, қўллаб-қувватладилар. Тиришқоқлиги, меҳнатсеварлиги боис, тез орада иккиланишлари ўрнини қатъият ва ишонч эгаллади. Устозларни ўзгача илиқлик билан эсларкан, устоз-шогирд анъаналари ёш ходимлар учун жуда катта мактаб ва зарурат эканлигини таъкидлайди.
Айни пайтда Миробод тумани ИИО ФМБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими хотин-қизлар масаласи бўйича катта инспектор лавозимида фаолият юритаётган, подполковник Сарбар Шукуриллаева туман ҳокимияти хотин-қизлар бўйича ўринбосари, оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Феруза Мадаминова билан ҳамкорликда туманда яшовчи ижтимоий ва ҳуқуқий ёрдамга муҳтож аёлларга ҳар томонлама кўмаклашиш, жамиятдаги, оиладаги ўрнини топиш, ўз ҳақ-ҳуқуқларини билиши борасида мунтазам фаолият юритиб келмоқда. Ҳамкорликда тузилган йўл харитаси, режа асосида бу тоифа аёлларининг эҳтиёжлари, камчиликлари, муҳтожлиги ўрганилиб, амалий ёрдам кўрсатилмоқда.
- Амалиётимдаги бир воқеани айтиб бермоқчиман, - дейди С.Шукуриллаева, - туманимизда ичкиликка берилган ёши каттароқ бир аёл билан ишладик. Нопок кимсалар унинг тушкунликка тушгани, ҳаёт қийинчиликларига бардоши етмаганидан фойдаланиб, гўёки сирдош бўлиб, аста-секин ичкиликка ўргатишади. Бора-бора, ароқ-вино билан сийлаб, маст қилиб, уйида пулга илинадиган нарсаларини ўмара бошлашади. Қолганларини эса ўзи ичкилик сотиб олиш учун арзимаган пулга сотиб юбораверган. Йиллар давомида давом этган ичкилик, бетартиб турмуш у аёлнинг инсоний қиёфасини бутунлай ўзгартириб, жанжалкаш, ёлғончи ва бебурд кимсага айланишига сабаб бўлган эди. Уни яқиндан ўрганганимизда, аслида у олий маълумотли эканлиги, юқори ташкилотларда, катта лавозимларда ишлагани маълум бўлди. Яқинларининг хиёнати ва нафс устунлиги орқасидан шу кўйга тушганини билгач, уни қайтариш ҳали кеч эмаслигини англадик. Жараён давомида айрим ғаразли кимсалар томонидан қинғир йўллар билан нафақасига ҳам хиёнат қилингани аниқланди. Ҳаракатларимиз зое кетмади. Нафақасини ҳам тиклашга муваффақ бўлдик. Ҳаётга, адолатга бўлган ишончини қайта уйғота олдик. У ўз ҳаётини ижобий тарафга ўзгартира олди. Бугунги кунда уни кўрганлар танимай қолади.Бу ва бунга ўхшаш мисолларни кўплаб келтиришимиз мумкин. Бироқ гап рақамларда эмас, балки аёл-қизларимизнинг ўз ҳаёт йўлларини топиб кетишида. Уларнинг бахтли, мамнун қиёфаларини кўрганингизда ёки кўча-кўйда самимий, жилмайиб салом-алик қилишидан англайсизки, қилган ишларимиз, ҳаракат ва уринишларимиз, сарфлаган вақтимиз зое кетмаган.
Ҳа, аслида инсоннинг инсонга берган ёрдамидан улуғроқ, мақтовлироқ нарса бўлмаса керак.