6 Апрел 2024 йил 3696

Фоҳишалик билан шуғулланган шахслар жавобгарликка тортилди

Тошкент шаҳар ИИББ томонидан ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида мунтазам равишда чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, жамиятимиздаги салбий иллатлардан бири фоҳишахона сақлаш ва фоҳишалик билан шуғулланиш ҳолатларига қарши курашиш мақсадида ходимлар томонидан тезкор-профилактик тадбирлар кучайтирилган олиб борилмоқда. 

Натижада, жорий йилнинг уч ойи давомида Тошкент шаҳрида фоҳишалик билан шуғулланган 1 068 нафар шахслар аниқланган бўлиб, маъмурий тартибда жавобгарликка тортилган. Ўрганишлар жараёнида аниқланишича, жавобгарликка тортилганларнинг 92,8 фоизи (992 нафар) вилоятлардан келиб, бу турдаги ҳуқуқбузарликни содир этган.

Бундан ташқари, жорий йилнинг уч ойи давомида қўшмачилик қилиш ёки фоҳишахона сақлаш билан боғлиқ 209 та ҳолат аниқланган ва жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган.  

Ҳурматли фуқаролар, агар сиз пойтахтимизда фоҳишалик билан шуғулланаётган шахслар ҳақида ёки фоҳишахона сақлаш ҳолатлари юзасидан маълумотга эга  бўлсангиз 102 рақами орқали мурожаат қилишингизни сўраймиз. 

Эслатиб ўтамиз, фоҳишалик билан шуғулланиш Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 190-моддасига кўра маъмурий ҳуқуқбузарлик деб баҳоланади ва базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.  

Шунингдек, қўшмачилик қилиш ёки фоҳишахона сақлаш Ўзбекистон Республикасининг 131-моддасига асосан жиноят сифатида малакаланади ва саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Барча янгиликлар

Text to speech