11 Июл 2022 йил 1273

Фахрийлар – фахримиз: ОДИЛЛИК, ФИДОЙИЛИК УНИНГ ШИОРИ

ИИВ фахрийси, истеъфодаги подполковник Одилжон Хўжаев фидойилиги, касбига садоқати туфайли ҳаётда ўз ўрнини топган инсонлардан, десак янгилишмаган бўламиз.
1957 йилда таваллуд топган қаҳрамонимиз мактабни тамомлаб, Халқ хўжалиги институтида таҳсил олаётган пайтда ҳарбий хизматга чақирилди. Хизмат ўташ даврида сержантлар мактабини битирди. Катта сержант унвонида уйига қайтган Одилжон ўз фикрига эга, эл корига ярайдиган забардаст инсон бўлиб улғайганди. Ички ишлар идораларида хизмат қилиш истаги борлигини айтган йигитни ота-онаси мамнуният билан қўллаб-қувватлади.
Дастлабки хизмат фаолиятини Тошкент шаҳар ИИБ Давлат автомобиль назорати бўлимида инспекторликдан бошлаган Одилжон Саратов ўрта махсус милиция мактабида таҳсил олишга ҳам улгурди. Ушбу таълим даргоҳини имтиёзли диплом билан тамомлаган қаҳрамонимиз она шаҳрига қайтиб, хизматни давом эттирди. 1989 йилда Тошкент Олий милиция мактабини ҳам муваффақиятли тамомлаб, соҳага оид билим ва кўникмаларини янада оширди.
Сўнг бир муддат Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ техника назорати бўлимида хизмат қилган бўлса, 1995–1999 йиллар бошқарма ҳузуридаги Ихтисослашган монтаж қилиш ва фойдаланиш бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият кўрсатди. 1999 йилдан яна ИИББ ЙҲХБ техника назорати бўлимига қайтиб, фаолиятини давом эттирди.
– 1999 йил августда йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори қабул қилинди, – дея ўша дамларни ёдга олади Одилжон Хўжаев. – Мазкур ҳужжат қабул қилинишида биз ҳам фаол иштирок этдик. Транспорт воситалари эгаларининг қонунда қайд этилган ҳуқуқлари ҳамда мажбуриятлари, транспорт воситаларининг техник созлиги, мажбурий тиббий кўрикдан ўтиш ва унинг қонун билан ҳимояланиши юзасидан кўплаб таклифларимизни бердик. Уларнинг аксарияти мазкур ҳужжатда ўз аксини топди. Бугун мана шундай муҳим ҳужжатлар ишлаб чиқилиши ва тайёрланишида иштирок этганимдан фахрланаман.
Қаҳрамонимиз йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасининг қайси лавозимида хизмат қилмасин, касб одобига содиқ қолган ҳолда, қонун устуворлигини таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, жамоат тартиби ва фуқаролар хавфсизлигини сақлашга ҳаракат қилди. Натижада хизмат фаолияти давомида эришган ютуқлари раҳбарият эътиборига тушиб, унга муддатидан илгари подполковник унвони берилди.
Одилжон Хўжаев 2010 йилда иззат-икром билан пенсияга кузатилди. Лекин ғайратли ва шижоатли фахрий уйда ўтириб қолмади. Ҳозирги кунга қадар Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Ободонлаштириш бош бошқармаси таркибидаги «Ободонлаштириш объектлари назорати» давлат унитар корхонасида ходимлар бўлими бошлиғи лавозимида хизмат қилиб келяпти.
Фахрийнинг юртимизда тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлаш йўлида олиб борган кўп йиллик хизмати доим эътироф этиб келинмоқда. Унинг кўксини безаб турган бир қанча кўкрак нишонлари, медаллар фикримиз тасдиғидир. Яқинда у “Ички ишлар органларининг фахрий ходими” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Қаҳрамонимиз намунали оила бошлиғи ҳамдир. Турмуш ўртоғи билан икки ўғил ва бир қизни тарбиялаб элга қўшишди. Айни пайтда ўн нафар набиранинг суюкли бобожониси.
О. Хўжаев ҳар куни пойтахт кўчаларини автомобилда босиб ўтар экан, қоидабузарликларни автоматик тарзда аниқлаётган замонавий кузатув воситалари, техникаларга бир қур назар солмасдан ўтолмайди. Ёнидаги ҳамроҳига уларнинг бир-биридан фарқи, ишлаш функциялари, вазифаларини тушунтириб кетади. Бунинг боиси, бир пайтлар тизимда хизмат қилган кезлар у айнан шу техникаларнинг ўрнатилиши, давлат стандарт талабларига мос бўлишини таъминлашда ўзи бош-қош бўлган. Бугун айнан шу замонавий техникалар сабаб, қанчадан-қанча қоидабузарликларнинг олди олинмоқда, кўплаб ҳуқуқбузарликлар фош этиляпти. Энг асосийси, уларнинг ишлаши туфайли ҳуқуқбузарликларнинг олди олинмоқда. Истеъфодаги подполковник О. Хўжаев буни билади ва бу амалий ишларда бироз бўлса-да, ҳиссаси борлигидан доим фахрланади.

Барча янгиликлар

Text to speech