“Мен 1961 йилда туғилган Т.Равшанбек 2022 йилнинг 20 февралида танишим П.Бобуржонга ўзим боқиб келган қорамолимни қушхонада сўйдириб, тарозида 550 килограмм чиққан гўштининг ҳар килосини 75.000 сўмдан баҳолаб, жами 41.250.000 сўмни икки ой ичида беришни ваъда қилган П.Бобуржонга сотдим. Бироқ у шу кунгача пулини бермай келмоқда. Пулимни олишда амалий ёрдам беришингизни сўрайман. 2022 йил 11 май. имзо”. Бу Равшанбекнинг Сергели тумани ИИО ФМБга ёзган аризасидан кўчирма. – Қорамол гўштини сотиб икки ой ичида юқорида кўрсатилган пулни беришни ваъда қилган П.Бобуржон муқаддам 2018 йилда фирибгарлик жинояти содир этиб, судланган, – дейди Сергели тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, лейтенант А.Болтаев. – Тергов жараёнида гўштнинг пулини бермоқчи бўлганлигини, аммо дори-дармонга пулларни сарфлаб юборганини айтиб, қилмишини оқлашга уринди. Агар унинг нияти беғараз бўлганида у Равшанбекнинг қўнғироқларидан қочмай, унга вазиятни тушунтириши лозим эди. Бироқ, унинг ёлғонлари фош этилди. Жиноят ишлари бўйича Сергели туман суди очиқ суд мажлисида 1991 йилда туғилган Бобуржоннинг қилмишини кўриб чиқди. Суд жазо турини тайинлашда содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси, айбига иқрорлиги ва пушаймонлиги, етказилган зарар миқдорининг қопланганлиги, жабрланувчининг судланувчига нисбатан ҳеч қандай моддий ва маънавий даъволари йўқлигини инобатга олди. Буларни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 55-моддасида назарда тутилган жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар деб баҳолади. Суд Бобуржонни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди (“Фирибгарлик”) билан айбли деб топиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз баравари, яъни 81.000.000 сўм жарима жазосига ҳукм қилди.