13 Сентябр 2024 йил 1530

Ёшлар муаммолари ечим топмоқда

Пойтахт 3-сектор раҳбарлари ҳудудида истиқомат қилувчи ёшлар билан бевосита учрашиб, муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш мақсадида мунтазам равишда сайёр қабуллар ўтказиб келмоқда. Шундай қабуллардан бири Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ бошлиғи полковник Отабек Жамолов томонидан 3-сектордаги маҳаллаларда ўтказилди.


20 нафардан ортиқ ёшларнинг мурожаати 3-сектор раҳбари томонидан ўрганилди, ҳар бир мурожаат назоратга олиниб, ҳал этиш чоралари кўрилди. Жумладан, Кўкча Дарвоза маҳалласида яшовчи Исмоил Комилов, шунингдек, Сархумдон маҳалласида яшовчи Диёра Рахимова оилавий шароити оғир бўлганлиги сабабли олий таълим муассасаси ўқув контрактини тўлашга имкони йўқлигини билдириб, тўловни амалга оширишда амалий ёрдам сўради. Уларнинг мурожаати маҳалладаги ёшлар етакчилари ва туман Васийлик кенгаши билан ҳамкорликда ижобий ҳал этилди. Ёшлар олий ўқув юртида ўқишини бемалол давом эттирадиган бўлди.


Каттаховуз маҳалласида яшовчи Дилобар Хусанова эса хорижий тилларни ўрганишга қизиқиши борлигини, бироқ махсус курсларга қатнашга моддий жиҳатдан имкони йўқлигини маълум қилди. Унинг ҳам мурожаати ижобий ечим топди, эндиликда Дилобар ўзи қизиққан инглиз тилини ўрганиш бўйича ўқув марказида таҳсил олади.  


Бу каби сайёр қабуллар 3-сектор раҳбарлари томонидан барча маҳаллаларда ўтказиб келинмоқда.

Барча янгиликлар

Text to speech