20 Июн 2024 йил 1115

Дорини заҳарга айлантираётганлар

Гиёҳванд моддалар билан бир қаторда  инсон руҳиятига кучли таъсир  қилувчи дори воситалари истеъмоли сўнгги пайтларда бот-бот ўзини намоён қилмоқда. Мазкур дорилар ёшларимизнинг ҳаётига кириб бораётгани сир эмас. “Бу – гиёҳванд эмас шунчаки, кайфиятни кўтарадиган, ҳаётга иштиёқ уйғотадиган, куч берадиган дори”, дейдиганлар адашади. Улар ҳам вужудни талвасага туширади, қарамликка олиб келади, кучли оғриқлар пайдо қилади, алалоқибат ўлим билан тугайди.

Мамлакат 30 ёшдан ошган, айни етук аёл ёшида, ўз тақдирини ўзи яратиш имконига эга. Аммо у тунги клублар ва кўнгилочар масканларда юришни, тараллабедод яшашни танлади. Ўзига мос “дўстлар” орттирди. Улар унга “тез бойиб кетиш йўлларини” ўргатишди.                                      

2023 йилнинг июнь кунларининг бирида, соат 01.30ларда  Мамлакат Достонбек билан  тунги  клубларнинг бири олдида учрашади. Кўп миқдорда кучли таъсир қилувчи дориларни  пулини сотганидан кейин бериш шарти билан олади. Албатта, ундан бошқа нархда олиб, устига яна қўйиб сотиш учун. Достонбек шунча дорилар билан юриш хавфли эканлигини, уйига элтиб қўйишини айтади. Йўлда Достонбек бошқарувидаги “Матиз” русумли  автомашина  Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ходимлари томонидан тўхтатилиб текширилганда, ҳар иккиси ўзларини шубҳали тута бошлашди. Автомашина холислар иштирокида текширилганда, 240 дона  кучли таъсир қилувчи дорилар аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинди. Тергов жараёнида мазкур дорилар савдосига аралашган яна бошқа шахслар ҳам аниқланди. 1986 йилда туғилган, тўрт маротаба судланган Даврон, 1991 йилда туғилган, илгари уч марта судланган Достонбек, 1989 йилда туғилган Азизжонлардан иборат жиноий гуруҳ мўмай пул топиш мақсадида, кучли таъсир қилувчи дорилар савдосини йўлга қўйишганлиги маълум бўлди.

Ўз навбатида Даврон ҳам номаълум шахсларга  кўп миқдордаги кучли таъсир қилувчи дори воситаларини 500 АҚШ долларига  сотаётган пайтида ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари томонидан қўлга олинди. Тергов  жараёнида Достонбек  Азиздан  160 дона  кучли таъсир қилувчи дори воситаларини сотиш учун олганлигини билдирди. Достонбекнинг кўрсатмаларига асосан, унинг вақтинчалик яшаш манзили, Чилонзор туманидаги хонадон кўздан кечирилганда, пухта яшириб қўйилган жами 200 донадан ортиқ бир неча номдаги кучли таъсир қилувчи дорилар холислар иштирокида расмийлаштириб олинди.

– Терговда  Даврон ва Достонбеклар  келтирилган ашёвий далиллар, экспертиза хулосаларига, ҳамтовоқлари билан юзлаштирилишига қарамай, жиноятларини рад эта бошлашди, – дейди Чилонзор тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими катта терговчиси, майор  Камолиддинн Нарзиев. – Бироқ дастлабки терговда уларнинг айби тўлиқ исботланди. 

Жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани суди  келтирилган далиллар, видеотасвирлар, ўтказилган экспертиза хулосаларига таяниб, жиноий гуруҳ аъзоларига қонуний жазо тайинлади. Чунончи, Мамлакат Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 251 прим.1-моддасига асосан айбли деб топилиб, олти  йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Даврон Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 251 прим.1-моддасига асосан, етти  йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Достонбек Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 276-моддаси, 251 прим.1-моддаси билан айбли деб топилиб, жиноятлар мажмуи тариқасида  тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан 8 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Азиз Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 251 прим.1-моддаси билан етти йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Барча судланувчилар жазони ўташ жойларида токсикоманиядан мажбурий даволаниши белгиланди.

Шу ўринда наркомания  ва токсикомания касаллигига чалинган шахсларнинг панжара ортида  умрларининг энг гуллаган, энг ёрқин, энг бебаҳо йилларини тўрт девор ичида ўтишига бир неча лаҳзалик кайфу сафо арзирмикан, деб сўрагинг келади. Уларининг ҳам фарзандлари бор. Хўш, фарзандларнинг аҳволи нима бўлади?! Дорилар таъсирида  кайфга берилиб, дунё ташвишларини унутиб, “осмонда учиб юрган” пайтларида болаларининг тақдири ҳақида ўйламаса керак бангилар. Шу дориларни ўзгаларга сотаётганида-чи, нимани ўйлаган, ўзининг фарзандлари шу дорилардан заҳарланса нима бўларди?!

Одатда улар бошида бу гиёҳвандлик эмас, бу қарамликка олиб келмайди, истаган пайтимда воз кеча оламан, деб ўйлашади.  Аммо бу уларнинг умрларини емириб, қарамликка, истеъмол қилмаса жон талвасасига тушишига, бор-будини сотишга, соғлиғи йўқолишига, оиласи пароканда бўлишига олиб келганига гувоҳ бўлганмиз. Ҳалоллик қолиб ҳаромни танлаган кимсаларнинг ҳоли эртами кечми шундай тугаши аниқ.

Барча янгиликлар

Text to speech