26 Декабр 2024 йил 70

Саломатлик – чексиз бойлик

Дунёда энг муҳим ва шарафли касблардан бири бу – шифокорликдир. Оқ халатли хушмуомала, юзида табассум, ширин сўзи, шифо қўли билан дардингизга малҳам бўлувчи бу инсонларга ҳамиша ҳурмат ва миннатдорлик кўзи билан қараб келинган. Дилафрўз Шарапова зиёлилар оиласида туғилиб вояга етди. Отаси Сафар ака муҳандис, онаси Гулсора опа математика фани ўқитувчиси –айни кунларда табаррук 76 ёшдан ошганига қарамай таълим беришда давом этмоқда – унинг шифокор бўлишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашди. Ўз касбининг етук мутахассиси бўлишга аҳд қилган Дилафрўз тенгқурларига ўхшаб кўнгилочар, фикр-зикрини ўғирлайдиган ҳою-ҳавасларга берилмай, тиббиёт соҳасига оид китобларни мутолаа қилишдан бўшамади. Амалиётларда устозларига саволлар беришдан, ўқиб-ўрганишдан чарчамади. 2008 йилда Тошкент шаҳар ИИББ Тиббиёт бўлими эксперт-терапевт лавозимида иш бошлаганида у ўз соҳаси бўйича анча тажриба орттирган, кўникма ҳосил қилиб, иш жараёнлари, таҳлиллар, замонавий ташхис қўйиш техник жиҳозлари хулосаларига қараб, самарали даво белгилаш амалиётидан яхшигина хабардор эди. Шаҳардаги касалхоналарда ишлаб кўникма ҳосил қилган Дилафрўз ички ишлар органларидаги хизмат фаолиятидаги илк таассуротларини – ходимларнинг тартиб ва интизомга риояси, касалликни оғир-босиқлик билан қабул қилиши, белгиланган дори-дармон ва муолажаларни ўз вақтида олиши, маданиятли, хулқ-атвори, маънавияти юқори савияда бўлган ходимлар ва хизматга нисбатан катта ҳурмат уйғотганини ҳали-ҳануз илиқлик билан эслайди. Бугунги кунда капитан Дилафрўз Шарапова Бош бошқарма Тиббиёт бўлими Ҳарбий-тиббий комиссия раиси лавозимида унумли хизмат қилиб келмоқда. Унга ишониб топширилган бу хизматда ходимларнинг соғлиғи, хизматга яроқлилиги, хизматга қабул қилинадиган номзодларнинг соғломлигини пухта тиббий кўрикдан ўтказишдан ташқари, ходимларнинг оила аъзоларига ҳам тиббий хизмат кўрсатиб келинади. Тиббий кўрик ёки мурожаатлар асосида ходимларнинг касалликларини аниқлаш, уларга ўз вақтида тиббий ёрдам ва муолажалар кўрсатиш, зарур ҳолатларда тор мутахассислар кўригига йўлланмалар бериш натижасида ходимларнинг соғлиғини назорат қилиб боришга эришилмоқда. Шунингдек, уларга соғлиғини тиклаш учун ИИВ Госпиталига, санаторияларига йўлланмалар берилади. Ходимлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғибот қилиш борасида соҳа ходимлари билан тушунтириш ва профилактик тадбирлар ўтказишга катта эътибор қаратилган. Айни дамда ходимларнинг касби билан боғлиқ касалликлар: иш пайтида ва маиший жароҳатлар олиш, “Covid-19” пандемияси асоратларидан бири бўлмиш кўп кузатилаётган коксоартроз касалликларини даволаш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилиб, бу касаллик билан касалланган бемор-ходимларни вақтида аниқлаш ва даволаш чоралари кўрилмоқда.

Масъулиятли иш билан бирга Дилафрўз оилада турмуш ўртоғи билан икки нафар фарзандини эл-юрт корига ярайдиган, шу юрт манфаатларига хизмат қиладиган баркамол фарзандлар бўлиб етишишига катта эътибор беришган. Айни дамда уларнинг ҳар иккиси олийгоҳларда Дилафрўзнинг ўзи каби касбининг етук мутахассиси бўлиш ниятида билим олишмоқда. Вақт келиб улар ота-онасининг ишини муносиб давомчилари бўлишига, юртимизга фойда келтиришига шубҳа йўқ.

Барча янгиликлар

Text to speech