19 Август 2024 йил 1104

Давр билан ҳамнафас

          Отабек Акрамов юртимиз мустақилликни қўлга киритган, дунёда ўз ўрнимиз, ўз сўзимиз, эркинлигимизга эришган йилда таваллуд топган ёшлардан. У эркинлик шабадаси, аждодлар қолдирган қадриятлар тикланаётган, меросларимиз ўрганилаётган давр билан ҳамнафас қадам ташлади. Мактабда таълим олди, касб-ҳунар билим юртида ҳунар эгаллади, Қуролли кучларда йигитлик бурчини адо этди. Ички ишлар идораларидаги фаолиятини 2015 йилда Тошкент шаҳар ИИББ Яшнобод тумани ИИО ФМБда сафдорликдан бошлади. Соҳанинг сир-асрорларини туман бошлиғининг ўринбосари, подполковник Ойбек Отажоновдан ўрганди. Тиришқоқлиги, зиммасига юкланган вазифаларни сидқидилдан бажариши, масъулиятни ҳис қилиши раҳбарият эътиборига тушди. Пухта, интизомли, хушмуомала ходим 2022 йилда пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизматининг Котибиятига иш юритувчи лавозимига ўтказилди. Бу соҳада унга хизмат бошлиғи ўринбосари, подполковник Акмал Адилов, сафдор Илҳом Алимовлар устозлик қилиб, соҳанинг ўзига хос жиҳатларини – меъёрий ҳужжатлар билан ишлаш, ижро назорати, ойлик, чорак ва йиллик ҳисоботларни тўғри тайёрлаш, маълумотларни ўз вақтида етказиш ва назоратга олиш, махфий ва хизматга доир ҳужжатлар талабларига риоя этиш, архив ҳужжатлари, махфийлик тартиботига амал қилиш кабиларни ўргатдилар. Ички ишларда фаолият юритар экан, билимларини ошириш, олдинга интилиш кераклигини англаган Отабек пойтахт олийгоҳларидан бирига сиртдан ўқишга кирди. Бу йил  4-курсни битириш арафасида. Сафдор Отабек Акрамов мустақиллик туфайли яратилган имкониятлар, шарт-шароитлар ҳақида ўз фикрлари билан шундай бўлишади:


       – Юртимиз озод, халқимиз озод, тилимиз озод. Мамлакатимизда кўплаб қурилишлар, бунёдкорлик ишлари амалга ошириб келинмоқда. Мустақилликкача бўлган ва ундан кейинги юртимизни таққосласак, саноат, қишлоқ хўжалиги, санъат, спорт, ижтимоий ҳаётда, қўйинг-чи, ҳар жабҳада рўй берган улкан ўзгаришларни кўрамиз. Очилаётган кенг имконият ва имтиёзларни эътироф этмай  бўлмайди. Мустақиллик туфайли  бугун мен ҳам иш билан бирга Тошкент Ирригация ва қишлоқ хўжалиги институтининг сиртқи бўлимида ўқиш бахтига муяссарман. Шундай Ватанда туғилганимдан, мустақилликка тенгдош эканлигимдан фахрланаман. Унинг абадий бўлишига ишонаман, юртимнинг бахтли келажагига оз бўлсада ҳисса қўшаётганимдан фахр ҳиссини туяман, – дея ўз сўзини тугатади қаҳрамонимиз.

Барча янгиликлар

Text to speech