Юртимизда аҳоли тинчлиги ва фаровонлигини таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ҳамда уларга қарши курашиш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари туну-кун хизмат қилмоқдалар. Лекин ҳозирда дунёда юз бераётган мураккаб вазиятда кўплаб ёшларимиз билиб-билмай жиноят йўлига кираётганлиги, ақидапарастлик каби ёт ғоялар таъсирига тушиб қолаётганлиги барчамизни жиддий ташвишга солмоқда.
Хориждан туриб, ижтимоий тармоқлар орқали иш таклиф қилган шахсларнинг аксарияти жиноий гуруҳ аъзолари бўлиб, ёшларни енгил даромад топиш важи билан жиноий фаолиятга жалб қилмоқда. Ўзга юртларда жангарилар сафига қўшилиб қўлига қурол кўтарганлар, террористик хунрезликлар содир этаётганлар, эртага ўз юртига келиб Ватанига тош отмаслигига ким кафолат беради?! Тўғри, жиноят учун жазо муқаррар, ҳеч бир жиноят жазосиз қолмайди. Лекин, жиноятга қарши курашгандан кўра, уни олдини олиш янада кўпроқ самара беради.
Фарзандларимиз – бизнинг келажагимиз. Шундай экан, ҳар бир ёшни сизу-биз ёт ғоялардан, жиноятчилар тўридан ҳимоя қилишимиз керак. Бугун ўз вақтида кўрилган чора, эртага албатта ўз самарасини беради. Бир болага етти маҳалла ота-она, деган мақол халқимизда бежиз айтилмаган.
Шаҳримиз аҳолисининг ҳушёрлигини ошириш, ёшларни салбий омиллардан ҳимоялаш, ижтимоий тармоқлар орқали бўлаётган кибер хужумлардан сақланиш кўникмасини шакллантириш мақсадида, ички ишлар органлари ходимлари томонидан мунтазам равишда профилактик тарғибот ишлари олиб борилмоқда.
Хусусан, пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги таълим муассасаларида ва маҳаллаларида маънавий-маърифий учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказилмоқда. Унда Олмазор тумани фуқаролари, маҳалла фаоллари ва ёшлар, ИИВ Академияси профессор ўқитувчилари, Тошкент шаҳар ИИББ масъуллари иштирок этмоқда. “Ватанга дахлдорлик, ёшлар орасида радикаллашувни олдини олиш”, “Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш борасида Ўзбекистон тажрибаси”, “Тарих – ўзликни англаш демакдир” мавзуларида ўтказилган учрашувларда тинчлик ва осойишталик учун ҳар бир фуқаро бирдек масъул эканлиги таъкидланди. Диний экстремизм ва терроризмнинг салбий оқибатлари, инсонлар ҳамда жамият учун хавфи тушунтириб берилди. Тадбир давомида мавзуга оид видеороликлар намойиш этилди.
Жойларда ўтказилган учрашувлар якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига мутахассислардан атрофлича жавоб олишди.