Ички ишлар идораларидаги соҳавий хизматлар талайгина бўлишига қарамай, уларнинг мақсадлари битта – халқ тинчлиги, осойишталигини сақлаш, қонунбузилишлари, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш, жиноятларни фош этиш. Шундай хизматлардан бири эксперт-криминалистика хизматидир. Воқеа жойига тезкор-тергов гуруҳи таркибида албатта, эксперт-криминалист етиб боради. Экспертнинг тажрибаси, билими, зийраклиги ва аниқ хатти-ҳаракати, аҳамиятсиз кўринган нарсаларга эътибори энг чигал жиноятларни ҳам тез фурсатларда очилишига хизмат қилади. Воқеа жойидан олинган энг аҳамиятсиздек туюлган ашёвий далил ҳам жиноятчини қонун олдида жавоб беришини таъминлайди. Жиноятни фош этиш амалиётида илмий асосланган далиллар нафақат терговни адолатли олиб борилишини таъминлайди, балки бегуноҳ шахсни айбсизлигини исботлашга ҳам ёрдам беради.
Юнусобод тумани ИИО ФМБ эксперт-криминалистика бўлимида ўз ишининг жонкуярлари, мутахассислари фаолият юритиб келмоқда.
- Бўлимимиздаги ходимлар қалб амри билан мазкур соҳани танлаган. Буни ҳар бир топшириқни иштиёқ ва ғайрат билан бажаришидан билиб олиш қийинмас, - дейди бўлим бошлиғи, подполковник Зоҳид Кадиров. – Тажрибали, билимли, ўз ишининг устаси бўлган ходим билан ишлаш воқеа жойига чиқувчи тезкор-тергов гуруҳи учун ҳам муҳим. Буни тезкор-тергов гуруҳи аъзолари ҳам тасдиқлайди.
Бўлимнинг катта эксперти, подполковник Мария Махмудова мана йигирма йилдан бери ўз фаолиятини сидқидилдан бажариб келаётган ходимлардан. Шу йиллар давомида дактилоскопия, ҳужжатларни техник экспертизасини ўтказиш, совуқ қуролларни тадқиқ этиш каби йўналишлар бўйича фаолият юритиб келмоқда. Ўз билимларини ҳамкасблари билан ўртоқлашади.
Бўлим катта эксперти, подполковник Наби Пўлатов ҳам ўн беш йилдан буён шу соҳада. Хизмати давомида улар кўплаб воқеа жойига чиқиб, содир этилган жиноятларни тез ва “иссиқ изи”дан очилишига ҳисса қўшиб келишмоқда. Худди шунингдек, подполковник Б.Касимов, капитан Ф.Раҳимжоновларнинг ҳам ўз касбининг жонкуярлари, деб бемалол айтиш мумкин.
- Ходимларимиз доимо ўз касб маҳоратини ошириш устида изланишлар олиб боришади. Агар ишни дактилоскопия йўналишида бошлаган бўлишса, вақт ўтиб трассология, хатшунослик ва баллистика йўналишларини эгаллаш учун махсус курсларда билим олишади, - дейди З.Кадиров. – Ёдимда қолган воқаелардан бирини гапириб берсам. Содир этилган қотиллик жиноятини кўздан кечириш вақтида анча муддат ҳеч қандай “из” тополмай умидсизлана бошладик. Қайта-қайта хонадон кўздан кечирилди. Жиноятчи қотилликка пухта тайёргарлик кўргани, изларни йўқотгани сезилиб турарди. Ошхонадаги буюмлардан бирида билинар-билинмас бармоқ излари аниқланди. Чуқур изланишлар оқибатида изларни тиклашга муваффақ бўлинди. Ва картотекада текширилганда, у ашаддий жиноятчига тегишли эканлиги маълум бўлди. Тергов жараёнида қотилнинг айбини тан олишдан бошқа чораси қолмади.
Мақсад, содир этилган жиноятни очиш экан, бу йўлда ҳар бир олинган ашёвий далиллар – бармоқ излари, ҳужжатлардаги сохта имзо ва қалбакиликлар бўлимда биргаликда муҳокама қилинади, ҳақиқат изланади. Бўлимда устоз-шогирд анъанаси йўлга қўйилган. Бу эса тўпланган тажриба ва янгиликларни фаолиятда муваффақият билан қўллаш, иш самарадорлигини ошириш имконини беради.