12 Феврал 2025 йил 295

Чаққон ва абжир талончи

23 ёшида инсон оқ-қорани таниган, яхшилик билан ёмонлик, қонуний ва жиноий ишларнинг фарқига борадиган ёшда бўлади. Камрон эса бу ёшда безорилик содир этиб, қилмиши учун уч йилга озодликдан маҳрум этилганди. Қамоқдан чиқиб тўғри йўлни танлаш ўрнига талончилик, транспорт воситасини олиб қочиш каби қатор жиноятларни содир этиб хавфли рецидивист мақомини олди. 2024 йилнинг 3 январида соат 20.00 ларда Олмазор тумани Шимолий Олмазор мавзесида жойлашган “Paynet” шаҳобчасига кириб, оператор Б.Азизжонга гўёки пластик картасига 682.000 сўм ўтказмоқчи эканлигини айтиб, чўнтакларини титган бўлди. Ва Азизжонга ўтказмани амалга оширавериши, пули машинада қолиб кетганлиги айтиб, ҳозир машинасидан пулни келтириб беришга ишонтириб, Р.Ражаб номига олинган карта рақамларини кўрсатади. Чек ҳужжатини ўзининг телефонига суратга олиб, шошилинч кўчага отланди. Қўли пул кўрмай пулни ўтказиб бўлган Азизжон нақд пулни олиш мақсадида, Камроннинг ортидан чиқди. Аммо у яшин тезлигида таксига ўтириб қочишга улгурди. Азизжон автомашинанинг ортидан “тўхта, ҳой, тўхта” деганча анча югуриб борганига қарамай, Камрон кўздан ғойиб бўлади. Эртаси куни у соат 12.30 ларда Шайхонтоҳур туманидаги “Paynet” шаҳобчасига кириб оператор Д.Руҳсорага 507.000 сўм пул туширмоқчи эканлигини айтади. Қиз компьютерга керакли маълумотларни киритиб бўлгач, пулларни туширишдан аввал нақд тўлов қилишни сўраганида у: “Тўловни туширавер, ҳозир машинамдан олиб келиб бераман”, дейди. Қиз кўнмай сўзида туриб олганида, алдови иш бермаслигини сезган Камрон сурбетларга компьютернинг олдига ўтиб, “Enter” тугмасини босиб, пул унинг ҳисобига тушишига эришиб, қочиб кетади.

Жиноят ишлари бўйича Олмазор туман суди очиқ суд мажлисида, 1993 йилда туғилган, муқаддам судланган Ҳ.Камроннинг қилмишларини кўриб чиқди ва Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 166-моддаси 3-қисми “а” банди (“Талончилик”) билан айбли деб топди. Суд унинг қилмишига пушаймонлиги, етказилган зарарни қоплаганлигини инобатга олиб 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилди.

Мазкур жиноят иши тафсилотлари билан Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши кураш бошқармаси Тергов бўлими катта терговчиси, майор Шарофиддин Юлдашев таништирди.

Барча янгиликлар

Навбатчилик қисми

102

Ишонч телефони

1102

Туристлар учун

1173

Электрон манзил

info@iibb.uz

Text to speech

Sahifadagi xatolar bo`yicha manzil:

Matn xato bilan:

Sizning izoxingiz yoki to`g`ri versiya: