Тошкент шаҳар ИИББ вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази тарбияланувчилари учун қизиқарли машғулотлар ташкил этилди
Марказ ходимлари бошқа мутасадди идора ва ташкилотлар билан доимий равишда ҳамкорлик қилиб, тақдир тақозоси билан ушбу муассасага келиб қолган болаларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиб келади. Шу кунларда Миллий ижтимоий ҳимоя агентлигининг болаларни ҳимоя қилиш бўйича эксперт маслаҳатчилари марказдаги болалар учун арт-терапия машғулотини ўтказди. Ўсмирлар оқ қоғозга дарахт чизи, ҳар бир шохга ўз хоҳиш ва илтимосларини ёздилар. Бу каби терапиядан сўнг ўсмирларнинг кайфиятлари кўтарилиб, ҳаёт гўзалликларини кўпроқ англайдилар.
Шунингдек, Марказ тарбияланувчилари бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун ҳайвонот боғига саёҳат уюштирилди
Болалар ҳайвонот боғидаги ёввойи ҳайвонларни томоша қилиб, улар ҳақида қўшимча маълумотлар олишди. Ҳайвонот боғи мутахассислари ҳайвонларининг ўзига хос хусусиятлари ҳақида қизиқарли ҳикоялар айтиб беришди. Болаларнинг ҳайвонот олами ҳақидаги билимлари янги фактлар билан бойитилди, атрофдаги дунёнинг хилма-хиллиги ва кўп қирралилиги ҳақидаги тушунчалари кенгайди, улар учун бу ҳаяжонли ва тарбиявий воқеа бўлди.