Юртимизда байрам шукуҳи. Каттаю кичик гўзал орзу-умид, яхши ниятлар билан орзиқиб кутиб олувчи Янги йил келмоқда. Айниқса, болажонлар бу байрамни ўзгача интиқлик ва қизиқиш билан кутишади. Ҳар байрамда бўлгани каби бу тантана Тошкент шаҳар ИИББ раҳбарияти томонидан ҳам ўтказилади. Бунга куни кеча Тошкент шаҳар Бош бошқармаси Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати томонидан болалар учун ташкиллаштирилган байрам тадбирлари мисол. Тантанага юртимизда жиноятчиликка қарши кураш, тинчлик-осойишталикни таъминлаш йўлида ўз жонларини қурбон қилган, бурчларини бажариш чоғида қаҳрамонларча ҳалок бўлган ходимларнинг фарзандлари таклиф этилди. Оналари, яқинлари билан ташриф буюрган болажонларни Бош бошқарма раҳбарияти келаётган янги йил билан самимий табриклаб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг совғалари топширилди. Байрам тадбирлари “Ўзбекистон халқаро анжуманлар саройи”да ташкиллаштирилган “Президент арчаси”да давом эттирилди. Болалар саройда намойиш этилган эртак томошаларида бевосита қатнашиб, шўх ўйин-кулгуларга бой тадбирлардан олам-олам қувонч олишди. Бу бахтиёрлик, қувонч ва унутилмас таассуротлари йил давомида уларга ҳамроҳ бўлиб, яхши ўқиш, оталарига муносиб фарзанд бўлишга ундаши шубҳасиз.