16 Ноябр 2022 йил 819

“Биз оилавий зўравонликка қаршимиз” шиори остида маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди

Тошкент шаҳар ИИББ ХПБ хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспекторлар ташаббуси билан Учтепа туман ҳокимлигининг маданият марказида “Биз оилавий зўравонликка қаршимиз” шиори остида маданий-маърифий тадбир ташкил этилди. Тадбирда шаҳар ҳокимлиги, шаҳар прокуратураси, Миллий гвардия Тошкент шаҳри бўйича бошқармаси, туман фаоллари иштирок этишди. Шунингдек муқаддам судланган, пробация ва профилактик ҳисобда турган, тазйиқ ва зўравонликка учраган, узоқ муддатли миграциядан қайтиб келган ва одам савдосидан жабрланган, оғир ижтимоий ахволдаги хотин-қизлар қатнашишди.
Тадбир давомида аёлларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, уларнинг мавқеини юксалтириш, жамиятдаги фаоллигини ошириш, ижтимоий-ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш, оилаларда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш масалалари муҳокама қилинди. Юртимизда қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар аёлларга ҳурматда бўлиш, уларнинг оила ва жамиятдаги ўрнини ошириш, тазйиқнинг олдини олиш механизмларини шакллантиришнинг ҳуқуқий асоси бўлаётганлигини тадбир иштирокчилари томонидан алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Тадбир доирасида аёллар учун психологик тренинг ташкил этилди ва амалиётдаги ҳолатлар мисолида тегишли тавсиялар берилди. Тадбир давомида аёллар ўз фикрларини билдириб, ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди.
Тадбир якунида Тошкент шаҳар ИИББ ашула ва рақс ансамбли хонандалари хамда Учтепа тумани маданият саройи ансамбли хонандалари томонидан тайёрланган концерт дастури намойиш этилди. 

Барча янгиликлар

Text to speech