Олий ўқув юртларида тест синовларини ўтказиш жараёнида нопок кимсалар томонидан фуқароларнинг ишончига кириб, чув тушириш ҳолатлари йўқ эмас. Масалан, кенг тарқалган усуллардан бири – тест саволларига тўғри жавоблар рўйхатини таклиф қилиш. Сергели тумани ИИО ФМБ навбатчилик қисми хабарига кўра номаълум шахс 23 ёшли Ж.Исломнинг ишончига кириб, пойтахт олийгоҳларининг биридаги тест саволларига тўғри жавоблар рўйхатини топиб беришни ваъда қилади. Жабрланувчи унинг ҳисоб рақамига 885 096 сўмни ўтказгач, у умуман алоқага чиқмай қўйган. Ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, фирибгар 22 ёшли Х.Отабек эканлиги маълум бўлди. Мазкур иш бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (“Фирибгарлик”) билан иш қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Шу ўринда олийгоҳларга кириш истагида бўлган ёшларга ҳар хил кимсаларнинг ваъдаларига ишонавермай, ўз билимингиз кучига ишонишингизни тавсия қилган бўлардик.