17 Июл 2024 йил 1102

Бепарволик – қонунбузар учун айни муддао

Автомашина эшикларини, ойналарини очиқ қолдирмаслик  ҳақида оммавий ахборот воситаларида жумладан, ижтимоий тармоқларда кўплаб огоҳлантиришлар бериб борилмоқда. Шунга қарамай айримлар ҳамон ўз автомашиналари эшиклари, ойналарини очиқ ҳолда қолдириб, етмаганига калитларини ўт олдиргичда ташлаб кетишмоқда. Ҳайдовчиларнинг бундай бепарволиги эса кўнгли эгри, нопок кимсаларга қўл келмоқда.

2023 йилнинг 14 августида Суннатилла иш топиш умидида эмас, кимнингдир буюмини ўғирлаб, сотиб пулини еб-ичиш ҳақида ўйлаб, кўчага чиқди. Тер тўкиб меҳнат қилиш, бирор касбнинг этагидан тутиб, ҳалол ризқ теришни хаёлига ҳам келтирмаган Суннатилла Шайхонтоҳур туманида жойлашган хўжалик моллари дўкони ёнида турган Damas автомашинасига яқинлашди. Очиқ ойнасидан мўраласа, ичида 2.600.000 сўмлик  “Samsung Calaxy А 02” телефони турибди. Аста олиб, чўнтагига солди-ю, ғойиб бўлди. ўзиники эмас-да, пули куймаган, нотаниш кимсага 300.000 минг сўмга сотиб юборди. 17 август куни Чорсу маҳалласида жойлашган озиқ-овқат дўкони олдида Абдумажитовга тегишли Labo автомашинасини нишонга олди. Эшиги очиқлигидан фойдаланиб  2.383.000 сўмлик “Pedmi note  9” телефонини ўғирлади. Бели оғримаганни нон ейишини кўр, деганларидек уни ҳам арзимаган пулга сотиб юборди. Пулларни ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборди.

– Илгари беш марта судланганига қарамай, Суннатилла озодликнинг қадрига етмаган кўринади, – дейди Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, катта лейтенант Мадад Жўраев. – Ким-ким, аммо Суннатилла кабилар эркин яшашнинг баҳоси нақадар баланд эканлигини тушуниб етишлари керак, деб ўйлайман. Ҳалол ишласа, ўғирлаб сотилган молларнинг пулларидан ҳам кўпроқ пул топиши мумкин-ку! Афсуски, ҳалол меҳнат қилиш бундайларнинг ҳаёлига ҳам келмайди.  

Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани суди 1983 йилда туғилган, Суннатиллани Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддасига (“Ўғрилик”) кўра айбдор деб топиб, етказилган зарарнинг ўрни қопланганлигини инобатга олиб, ЖКнинг 57-моддасини қўллаган ҳолда тўрт йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Барча янгиликлар

Text to speech