Юртимизда баҳор. Уйғониш, янгиланиш даракчиси, саховат ва мурувват, меҳр-оқибат каби азалий қадриятларимизни ўзида мужассам этган Наврўзи олам шукуҳи юртимиз бўйлаб кезмоқда. Инсонийлик фазилатларини намоён этиш, инсон қадрини улуғлаш, ҳар бир шахс ишлаш, ўқиш, бахтли яшаш ҳуқуқига эгалигини англашга ундамоқда.Тантаналар пойтахтимизнинг Яшнобод туманида ҳам муносиб кутиб олинди. Куни кеча Яшнобод туманида жойлашган “Дилбоғ” маҳалласида хайрли ишга қўл урилди. Хусусан, туман ИИО ФМБ Пробация бўлими, туман камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими, тиббиёт бирлашмаси ва бошқа ҳамкор корхона-ташкилотлар масъуллари билан биргаликда аҳоли бандлигини таъминлаш ва саломатлигини назорат қилиш мақсадида, “Бўш иш ўринлари” меҳнат ярмаркаси ва сайёр тиббий кўрикдан ўтказиш тадбири ташкиллаштирилди. Унда туманда жойлашган 20 дан ортиқ корхона ва ташкилотлар ўз бўш иш ўринлари билан иштирок этишди. Мазкур маҳаллада истиқомат қилувчи, ишлашга иштиёқи бўлган юздан ортиқ фуқаролар тавсия этилаётган бўш иш ўринлари билан яқиндан танишдилар. Корхона-ташкилотда ишчилар учун яратилган қулайликлар, шарт-шароитлар, иш жараёни ҳақида батафсил маълумотларга эга бўлган 17 нафар фуқаро ўзлари танлаган ташкилотларга ҳужжатлар топширган бўлса, 4 нафари ярмарканинг ўзида ишга жойлаштирилди. Муайян касб-ҳунари бўлмаган 3 нафар фуқаро эса “Ишга марҳамат” мономаркази қошида фаолият юритувчи ўқув курсларига йўлланмалар олишди. Шунингдек, Пробация назоратига олинган 12 нафар шахснинг 5 нафарига ишга, 1 нафарига касб-ҳунар ўқув курсларига йўлланмалар берилди. Ўз саломатлигини тиклаш бўйича мурожаат қилган 40 дан ортиқ фуқаро ва жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилиб Пробация назоратида жазо муддатини ўтаб келаётган 6 нафар шахслар туман тиббиёт бирлашмаси мутахассислари томонидан кўрикдан ўтказилиб, уларга тегишли муолажа ва тавсиялар берилди. Тадбирда қатнашган ҳар икки томон кўрсатилган тегишли ҳуқуқий, тиббий ва ижтимоий ёрдамдан ўзаро манфаатдор эканлиги, мазкур тадбир жамиятимизда ҳар бир инсоннинг қадри улуғланиши, ўз ўрнини ҳис этишида қўллаб-қувватлаш одамийликнинг ёрқин мисоли эканлигини таъкидлашди.