3 Август 2024 йил 1493

Аввал иқтисод ...

Аброр Аҳмедов ички ишлар идораларидаги хизматни 2016 йили Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Қўриқлаш бошқармасида ҳисобчи лавозимидан бошлади. Илк устозлари сержант Наима Мирпўлатова,  бош инспектор, подполковник Лазокат Баҳодировалардан молия ишларини тўғри олиб бориш, маош ва устама ҳақларни  белгилашда қайси ҳужжатлар меъёрларига амал қилиш лозимлигини ўрганди. Шунга қарамай, ишлаш жараёнида молия-иқтисод борасидаги билимларини янада бойитиш, чуқурлаштириш лозимлигини англаган йигит Ўзбекистон Миллий университетининг сиртқи бўлимига ҳужжат топширди. Ўқиш билан ишни уйғунликда олиб бориши унга молия-иқтисод соҳасидаги кўплаб масалалар ечимини осон топишда қўл келди. Аброр зиммасига юклатилган вазифаларни виждонан, пухта бажариши, ҳисоб-китоб ишларини бехато юритиши боис, раҳбариятнинг эътиборига тушди. 2020 йили пойтахт ИИББ Молия ва моддий техника таъминоти бошқармасида бош мутахассис лавозимида  фаолиятини давом эттирди.

– Албатта, Бош бошқармада фаолият юритиш иш ҳажми ва кўламининг кенглиги, масъулиятнинг ортиши билан фарқ қилади, –дейди лейтенант Аброр Аҳмедов. – Лекин инсон ҳамиша интилиш ва ўрганишда бўлса, ўз касбига меҳр қўйса, ҳалол ва сидқидилдан ишласа ундан баҳра олади. Чарчоқни ҳам унутади. Инсонларга яхшилик қилишдан аъло нарса бўлмаса керак ўзи дунёда.

Иш ҳаққи, таътилга чиқиш, касаллик варақалари, нафақа, мукофот, ёрдам пулларини тўғри ҳисоблаш ва муддатида тўлаш каби ҳисоб-китобларни юритиш катта эътибор ва жавобгарликни талаб қилади. Бош мутахассис, А.Аҳмедов ходимларга маош ва устама ҳақлари ва бошқа кўзда тутилган тўловларни ўз вақтида кечиктирмай беришга интилади. Ҳолбуки, ҳар бир ходимнинг оиласи, яқинларининг рўзғори, эҳтиёжлари, баъзан соғлиғи ҳам кўп жиҳатдан мана шу маблағга боғлиқлигини тўғри тушунади. Ҳар бир сўм, ҳар бир тийин оиланинг яхши яшаши, тинч-тотувлигини таъминлашини ҳам. Шундай экан, ҳар бир рақам бир эмас, бир неча бор текширилиши, бировнинг ҳаққига хиёнат бўлмаслиги зарур.

Барча янгиликлар

Text to speech