18 Декабр 2024 йил 368

Асаби бўш ҳамкасблар

Дилшоднинг боши эгик. Жаҳл устида қилган ишидан мингдан минг пушаймон. Энди тўрт нафар фарзандининг аҳволи не кечади?! Эшитган қулоққа ҳам яхши эмас. Аммо сўнгги пушаймон, ўзингга душман деганларидек, ич-этини ейишдан бошқа чораси йўқ. Воқеа эса бундай бўлганди.

2023 йилнинг 9 май куни Дилшод автомобилларга хизмат кўрсатиш устахонасига одатдагидек ишга келди. Мижоз ҳам келиб кутиб турган экан, тезда автомашинасини кўрикка олди. У автомашина эгаси билан зарур эҳтиёт қисмлари ҳақида суҳбатлашаётганида шериклари — И.Умаржон ва М.Миржамоллар келишди. Улар ҳам ишга шўнғишди. Тушга яқин Lacetti автомашинаси эгаси машинаси яхши юрмаётганини билдириб, қараб қўйишларини сўраб устахонага олиб келди. Бу орада Умаржон таъмирлаган автомашина эгаси устахонадан чиқиб кетишга тараддудланди, аммо Lacetti ҳайдовчиси Х.Содиқ автомашинасини йўлакка кўндаланг қўйиб қўйгани учун чиқа олмай, ёрдам сўрагандек Умаржонга қаради. Умаржон Содиққа автомашинасини йўлни тўсиб, нотўғри қўйганини айтганида Содиқ қаерга хоҳласа ўша ерга қўйишини айтди. Ўртада низо чиқди. Содиқ бўш келмай овозини баландлата бошлади. Низога Миржамол ҳам қўшилди. Содиқ энди ҳақоратлашга ўтди. Сўкинишлар, бақир-чақирни эшитиб, уларни тинчлантириш мақсадида чиққан Дилшод ҳам “ўз улушини” олди. Жанжал муштлашувга айланди. Шерикларини ҳимоя қилмоқчи бўлган Дилшод қандай қилиб қўлидаги отверткани Содиқнинг кўкрак қафасига санчганини билмай қолди.

— Суд-тиббий экспертизаси Содиққа етказилган жароҳатларни ҳаёти ва соғлиғи учун "оғир"лигини тасдиқлади, — дейди Сергели тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими катта терговчиси, подполковник Ғ.Худайбергенов, — Тергов жараёнида жабрланувчи ҳам ўз айбини бўйнига олиб, қўпол муомала қилганини тан олди. Бироқ бу уста йигитларнинг айбини ювмайди.

Жиноят ишлари бўйича Сергели туман суди очиқ суд мажлисида устахона ишчиларининг жиноий қилмишларини кўриб чиқди. Ушбу қилмишнинг келишувга розилигини видеоконференцалоқа орқали билдирган жабрланувчининг ахлоққа зид хулқ-атвори таъсири остида содир этилганлиги, айбдорларнинг муқаддам судланмаганлиги, оилавий шароитларини инобатга олиб,1985 йилда туғилган, 4 нафар фарзанди бўлган Дилшодни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми “е,к,л” бандлари (“Қасддан баданга оғир шикаст етказиш”) билан айбли деб топди. Мазкур кодекснинг 57-моддаси тартибида 4 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилди. 1987 йилда туғилган, уч нафар фарзандли, муқаддам судланмаган И.Умаржон ва 1994 йилда туғилган бир нафар фарзандли, муқаддам судланмаган М.Миржамол Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми “б” банди (“Безорилик”) билан айбли деб топилиб, мазкур кодекснинг 57-моддаси тартибида ҳар иккисига 1 йилу 6 ойга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Барча янгиликлар

Text to speech