1 Август 2024 йил 698

Арзоннинг “шўрваси” ...

Шокир сўнгги вақтларда тилла тақинчоқлар савдоси билан қизиқиб қолди. Дунёда тақинчоқларга у арзонми, қимматми, қизиқмаган, орзу қилмаган аёл-қиз йўқ. Айтишади-ку, дунёда битта аёл бўлса ҳам заргарга иш топилади, деб. Шокир хотини орқали бу ишни анча йўлга қўйди. Хотини уйма-уй юриб, таниш-билишларини ишга солиб, бу “бизнес”ни яхшигина ривожлантирди. Шокир айтилган нарсаларни етказиб турса бас. Қани эди арзонроқ жойини топишнинг имкони бўлганида...

2022 йилнинг 3 сентябрида у пойтахтга “мол” олгани келди.  Чилонзор туманидаги Арнасой кўчасида жойлашган автомобилларни ювиш шохобчасига автомобилини ювишга қўйиб, ўзи четроқда юқоридаги масалада ўйланиб турганда, бир киши ёнига ўтирди. Бекорчиликдан суҳбатлаша бошлашди. Шокир нима иш билан шуғулланишини айтганида, Исломнинг юзи ёришиб кетди. У ўз хизматини таклиф қилди. Шокир биринчи маротаба кўриб турган номаълум шахснинг 9.300 АҚШ доллари эвазига 10.200 АҚШ долларилик тилла тақинчоқлар олиб беришига ишонди. Ислом содда “тадбиркордан” 9.300 АҚШ долларини қўлга киритиб, қорасини кўрсатмай кетди.

– Фирибгарлар одамларга ёқадиган сўзларни гапиришади. Энг ёқимлиси “арзон” сўзи бўлса керак, – дейди  Чилонзор тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, катта лейтенант Шоҳруҳ Ҳазратов. – Борига қаноат  қилмай, янаям кўпроқ фойда олишни кўзлаган Шокир фирибгарнинг қармоғига осонгина тушиб, “озидан” ҳам қуруқ қолди. Ҳолбуки, фирибгар пулларни ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборганди.

Жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани суди 1993 йилда туғилган Исломни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (“Фирибгарлик”) билан айбли деб топиб, уч йилга ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлади.


Барча янгиликлар

Text to speech