18 Июн 2024 йил 864

Ҳаром луқма – ҳалокат

Маънавий бойлик ҳамиша моддий бойликдан устун. Зотан, инсоннинг ҳаётга тўғри муносабатини шакллантирувчи, бахтли яшашининг кафолати—маънавият. Фаровонлик ва барака, ҳаётдан мамнунлик туйғуси  маънавий бойлик ортидан келиши шубҳасиз. Бежизга ҳалол луқма ҳақида кўплаб ривоятлар, ибратли ҳикоялар, мақоллар яратилмаган. Ҳолбуки, улар юзлаб йиллик инсон тажрибасидан келиб чиқиб айтилган. Ҳаром луқма инсон умрининг заволи, таназзули эканлигига қуйида келтирадиган воқеа ҳам яққол мисол бўлади.

Абзал ўттиз ёшни ортда қолдиргани билан бирор тайинли ишнинг бошидан тутмади. Туну кун хаёлида – ишламай пул топиш, тер тўкмай шоҳона яшаш. Қабиҳ орзулари шайтоннинг қулоғига етиб бордими,  кунларнинг бирида водийга йўловчи ташиш билан шуғулланувчи Азиз исмли йигит билан учраштирди. Абзал бир неча йилдан бери беморлиги, кучли таъсир этувчи дори истеъмол қилиши, ўз истеъмоли учун фалон дорини топиб берса “рози” қилишини айтди. Азиз ҳам шуни кутиб тургандек,  агарда Абзалнинг мазкур моддалар савдоси билан шуғулланувчи танишлари бўлса, бу ишни йўлга қўйиш орқали мўмай даромад олиш мумкинлигини билдирди. Шундоқ ҳам фикри-зикри жонини койитмай пул топиш бўлган Абзалнинг тинчи бузилди. У эски таниши, Фарҳоднинг олдига келиб, “тез орада бойиб кетиш имкони борлигини” айтганда, Фарҳод  ўйлаб ҳам ўтирмай уни қўллаб-қувватлади. Ва “починига” йигирма миллион пул тикди. Навбат интернет орқали  “канал” очишга келганда, бу борада иккиси ҳам нўноқ эканлиги маълум бўлди. Аммо қаловини топишди.

Фарҳод Шаҳзод исмли таниши бу ишни дўндиришини айтиб уни ҳам ўз ишига шерик қилди. телеграм орқали онлайн–дўкон ишга тушди. Абзал водийга Азиз билан учрашишга йўл олди. Буюртма Азизнинг қўлига тегиши билан савдо бошланди. Шаҳзод ўз навбатида товарларни манзилларга элтиб, овлоқ жойларга яшириб келувчи югурдакликка Шарифни ёллади. Иш юришиб Фарҳод ва Абзалнинг қўли-қўлига тегмай қолди. Бир оёғи Тошкентда, бир оёғи водийда. Лекин  ҳаром пул бор жойда албатта,  адоват, гина-кудурат, келишмовчилик бўлиши турган гап. Бир муддат ўтиб “канал”нинг баракаси учганини сезган Фарҳод Шаҳзод билан учрашиб, ўзи “канални” юритишини айтиб, ундан телефон рақами ҳамда аппаратини олиб қўйди. Ўз хавфсизлигини ўйлаб, “канал” ишини югурдак Шарифга топширди.

Неча-неча инсонлар умри, саломатлигини емириш, заҳарлашга қаратилган “иш”дан келаётган ҳаром пуллар бу жиноий гуруҳнинг иштаҳасини очиб юборган, улар борган сари “дорилар” хилма-хиллигини кўпайтириб, сонини ошириб буюртма беришарди.

Эҳтиёткорликни унутган дорифурушлар  навбатдаги  партияни олиб водийдан пойтахт томон йўлга чиқишди. Йўл-йўлакай “заказ”ларни тарқатиб, кейинги манзилга йўл олишди, бироқ етиб боришмади.  

Мирзо Улуғбек тумани Қорасув мавзесида хизмат олиб бораётган ЙПХ ходимлари томонидан автомашина тўхтатилди. Аввалига улар дағдаға ва пўписа билан ходимларга баланд келишга уринишди. Тегишли идора ходимлари ҳамкорлигида тезкор рейд ўтказилаётгани, автомашинани текшириш лозимлиги тушунтирилганда, дорифурушлар ёрилган пуфакдек  шалвираб қолишди. Текширув натижасида йўловчи ўриндиғидан полиэтилен пакетга ўралган 144 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари холислар иштирокида  олинди. Фарҳоднинг устидаги кийимнинг чўнтагидан 11 дона капсула шаклидаги дори воситалари олиниб, тегишли тартибда расмийлаштирилди. Тергов жараёнида жиноий гуруҳнинг қолган аъзолари аниқланиб, хонадонларида тинтув ўтказилганда, Абзалнинг хонадонидан 70 дона, автомашинасининг юкхонасидан уч хил турдаги жами 396 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари олинди. Шунингдек, Шарифга тегишли автомашина  кўздан кечирилганда, салон ичидаги эркаклар сумкаси ичидан ва ҳайдовчи эшигидан яшириб қўйилган икки хил номдаги жами 333 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари хатланди.

Терговда Фарҳод айбини бўйнига олмади. Гарчи ашёвий далиллар хонадони, автомашинасидан топилганига қарамай, “кўрмаганман, билмайман, эслай олмайман”, деб туриб олди. Бироқ гувоҳлар, олинган ашёвий далиллар унинг айбини тўлиқ исботлаган эди. Суд унга қонунда кўзда тутилган жазони белгилади: 8 йилга озодликдан маҳрум этилди. Шариф ва Абзалларнинг токсикомания касаллигига чалинганини  эътиборга олиб, саккиз йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаш билан бирга, жазони ўташ жойларида мажбурий равишда даволаниши ҳақида ҳукм чиқарди.

Барча янгиликлар

Text to speech